23 ноябр шанба куни Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатида уч эркак тўйдан қайтаётиб ҳалокатга учради. Улар Google Maps иловаси кўрсатган йўналиш бўйича кетаётганида, йўлда қурилиши тугалланмаган кўприкка дуч келган. Навигаторда ҳам, йўлда ҳам огоҳлантириш белгилари бўлмагани сабабли улар машина тезлигини ошириб, Рамганга дарёсига қулаб тушган. Учала эркак ҳам ҳалок бўлди.
BBC'нинг ёзишича, маҳаллий полиция тергов доирасида Жамоат ишлари департаменти мансабдорлари билан (нега йўлда белгилар ва тўсиқлар бўлмагани ҳақида) ҳамда Google Maps’нинг минтақавий вакиллари билан суҳбат ўтказиш ниятида эканини билдирган. Ҳозирча Google қурбонларнинг оилаларига “чуқур ҳамдардлик” билдириш билан чекланди ва воқеа юзасидан тергов олиб боришда расмийлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга ваъда берди.
Бу воқеа GPS навигатори кўрсатган йўналишдан юрган саёҳатчиларнинг ўлими ёки жиддий жароҳатланишига оид биринчи ҳолат эмас. Шундай воқеалар аввал ҳам содир бўлган.
2024 йилнинг июл ойида Ҳиндистоннинг Дхенканал округидаги ўрмонда беш нафар талаба йўлдан адашди. Улар ибодатхонадан қайтаётганида, йўналишни танлаш учун Google Maps’дан фойдаланган. Бахтли тасодиф туфайли, йигитлар полиция билан алоқага чиқишга муваффақ бўлди ва 11 соатдан сўнг уларни топишди.
Бундай ҳодисаларга ҳатто алоҳида ном берилган — “GPS’дан ўлим” (death by GPS). Википедияда унга алоҳида саҳифа очилган.
2017 йилда тадқиқотчилар шахсий навигация тизимлари “ғайриоддий фалокатлар”га олиб келган 158 та ҳолатни ўрганиб чиқди.
Шу билан бирга, тадқиқот муаллифлари GPS ва унга алоқадор технологиялар одамлар ҳаётини сақлаб қолган ҳолатлар ҳам кам эмаслигини таъкидлади. Масалан, улар ёрдам кўрсатувчи манбаларга йўл кўрсатган ёки одамларни адашиб қолишдан қутқарган.
Тадқиқотчилар ўрганган ҳодисаларнинг қарийб учдан бири — 44 таси ўлим билан якунланган. Яна 23 ҳолатда жиддий тан жароҳатлари олинган. Кўпинча одамлар навигаторлар сабабли бошқа автомобиллар иштирокисиз йўл-транспорт ҳодисаларига учраган.
Аксарият ҳолларда GPS фойдаланувчилари ҳудудни билмаган, лекин ҳодисаларнинг тахминан бешдан бирида маҳаллий аҳоли иштирок этган. Баъзида ҳодисага навигатор белгилаган йўналиш эмас, балки бошқа функциялар сабаб бўлган — масалан, бир ҳайдовчи харитани катталаштиришга чалғиб, велосипедчини уриб юборган ва унинг ўлимига сабаб бўлган.
Ҳодисаларнинг ярмидан кўпроғида хариталардаги нотўғри маълумотлар, масалан, йўлнинг кенглиги ёки қопламаси, йўл оралиғининг баландлиги ёки йўл кимга мўлжаллангани ҳақидаги нотўғри кўрсатмалар сабабли юз берган (бир сафар ҳайдовчи хусусий ҳудудга кириб қолиб, мулк эгаси билан тўқнашган). 18 та ҳодисага навигатор тузиб берган йўналиш сабаб бўлган.














