Жамият | 09:39
1068
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 4 минг йиллик жарроҳлик амалиёти излари топилди

Сурхондарё вилоятидаги Жарқўтон археологик ёдгорлигида олиб борилган қазишмалар давомида бронза даврига мансуб бола бош суягида трепанация излари аниқланди. Олимлар бу топилмани Марказий Осиёда қадимги жарроҳлик амалиёти мавжуд бўлганининг муҳим далилларидан бири сифатида баҳоламоқда.

Туркиянинг археология соҳасидаги нуфузли нашрларидан бири бўлган Arkeofili журнали Ўзбекистонда амалга оширилган ноёб археологик кашфиёт ҳақида мақола эълон қилди.

Унда қайд этилишича, Сурхондарё вилоятида, Афғонистон билан чегарадош ҳудудда жойлашган Жарқўтон археологик ёдгорлигида тахминан 4 минг йиллик тарихга эга бўлган бола бош суяги топилган. Унда қадимий жарроҳлик амалиёти — трепанация излари сақланиб қолган.

Топилма ўзбек ва италиялик олимлардан иборат халқаро тадқиқотчилар гуруҳи томонидан аниқланган. Мутахассислар маълумотига кўра, бош суяги милоддан аввалги III минг йиллик охирига мансуб бўлиб, Бақтрия–Марғиёна археологик мажмуаси, яъни Окс цивилизацияси даврига тегишли.

Олимлар трепанация излари тахминан беш ёшида вафот этган болага тегишли бош суягида аниқланганини маълум қилди.

Қазишма ишларига раҳбарлик қилган Италиянинг Саленто университети археологи Энрико Аскалоне бу кашфиёт Марказий Осиёда 4 минг йил муқаддам тиббий билим ва кўникмалар юқори даражада бўлганини кўрсатишини таъкидлади.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, мазкур топилма қадимги жамиятларда тиббиёт қандай ривожлангани, бундай мураккаб амалиётлар кимлар томонидан ва қандай сабаблар билан ўтказилгани ҳақида янги илмий саволларни ўртага қўймоқда. Бу саволларга жавоб излаш бўйича тадқиқотлар давом эттирилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид