Ўзбекистон | 18:47 / 04.12.2024
801
2 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили билан учрашди

Учрашув давомида томонлар парламентлараро ҳамкорлик, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хавфсизликни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, гендер тенгликни илгари суриш каби масалаларни муҳокама қилди.

Фото: senat.uz

Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева бугун, 4 декабр куни Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терхи Хакала билан учрашди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, учрашув давомида сўнгги йилларда барқарор ривожланаётган ҳамда ҳамкорликнинг янги босқичига кўтарилган Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинган.

Парламентлараро ҳамкорлик, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хавфсизликни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, гендер тенгликни илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, учрашувда томонлар хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини, шу жумладан, Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти минтақавий платформаси доирасида ҳам кенгайтириш масалаларини муҳокама қилган. Тажриба алмашиш ва минтақада гендер тенгликни тарғиб қилиш учун халқаро платформа вазифасини бажараётган Осиё хотин-қизлари форумининг аҳамияти таъкидланган.

«Ўзбекистоннинг GSP+ дастурига киритилгани доирасида инсон ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, атроф-муҳитни, иқлимни муҳофаза қилиш ва самарали бошқарувни таъминлаш билан боғлиқ 27 та муҳим халқаро конвенцияни самарали амалга ошириш бўйича мажбуриятлар муҳокама қилинаётгани алоҳида таъкидланди. Ушбу мажбуриятларнинг бажарилиши Европа Иттифоқи билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Ўзбекистоннинг халқаро бозорларга интеграциялашуви учун янги имкониятлар яратади.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган режаларни амалга ошириш бўйича фаол мулоқот олиб бориш ҳамда биргаликда ишларни давом эттириш ҳақида келишувга эришилди», — дейилади хабарда.

Мавзуга оид