Сурияда нега ҳарбийлар президентни ҳимоя қилмади? Бу тўнтаришдан қайси давлатлар ютди, кимлар ютқазди? Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Kun.uz'даги колонкасида диктатор Башар Асад режимининг қулаши ҳақида сўз юритади.

1970 йилдан буён Сурия ҳокимиятида бўлиб келган Асадлар сулоласи қулади. Башар Асад оиласи билан Россияга қочди. Бу сулола Сурияни ярим асрдан ортиқ бошқарди.

Сурия – Яқин Шарқдаги муҳим давлатлардан бири. Аҳолиси 23 миллиондан ошиқ (бундан ташқари, яна бир неча миллион аҳоли қўшни мамлакатларда қочқин мақомида). Ҳудуди – Ўзбекистондан деярли икки ярим баравар кичик, лекин Исроилга нисбатан 8,5 баравар катта.

Иккинчи жаҳон уруши тугагач, дунёда икки қутблилик даври бошланади. Совуқ уруш даврида араб давлатлари ҳам де-факто икки томонга бўлинади. Баъзи араб давлатлари СССРга ориентир олади, ўзларининг давлатларида араб миллиятчилиги асосидаги социализмни жорий қилишга киришади. Шундай давлатлардан бири – Сурия эди. Сурия, Миср, Ироқ ва бошқа давлатларда Баас партияси тузилади, кучаяди, ҳокимиятга келади. Баас партияси Сурия ҳокимиятига 1963 йилда, давлат тўнтаришидан кейин келган. Партиянинг асосий ғоялари – араб миллиятчилиги, инсонлар тенглиги, араб давлатларининг барчаси бирлашиши кераклиги, дунёвий давлатчилик ва бошқалар эди. 1970 йилга келиб, Ҳофиз Асад ҳокимиятдаги генерал Салоҳ Жадидни йиқитади ва ўзи ҳокимиятга келади. Ўша вақтдан бошлаб Асадлар даври 2024 йилнинг 8 декабрига қадар давом этди.

2000 йилда Хофиз Асад вафот этади. Ва унинг ўғли Башар Асад Сурия президенти бўлиб “сайланади”. Расман Сурия “республика” бўлса-да, де-факто монархия томон кетаётган эди.

2011 йилда араб давлатларида Араб баҳори деб аталмиш оммавий намойишлар ва инқилоблар бошланди. Араб дунёси ягона ахборот ҳудудида яшайди. Шунинг учун Тунисдан бошланган оммавий намойишлар Жазоирга, Мисрга, Мағриб ва Иорданияга, Саудия ва Баҳрайнга ҳам тарқалади. Араб баҳори Сурияни ҳам айланиб ўтмайди. Ўша 2011 йилда Суриянинг бир қанча минтақаларида оддий одамлар ислоҳотлар сўраб намойишлар ўтказишади. Лекин Башар Асад режими намойишларни қаттиқ бостиради: кўплари ўлдирилади, қолганлари қамалади ва бахти борлари қочиб қутулади. Натижада, Сурияда фуқаролик уруши бошланади.

Суриядаги Асад режими нега бу қадар тез ва қаршиликсиз қулади деган савол – жуда муҳим. Асосий сабаб – Асад режимининг легитимлиги йўқ эди. Уни қўллайдиган, ҳимоя қиладиган халқ йўқ эди.