Жаҳон | 10:30 / 12.12.2024
3227
2 дақиқада ўқилади

Давлат думаси ХЖСга РФда тергов ўтказишни тақиқламоқчи

Қонун лойиҳасининг тушунтириш хатида Халқаро жиноий суд мисол тариқасида келтирилган. 2023 йилда ХЖС Россия президенти Путинни ҳибсга олишга ордер берди.

Фото: Сергей Фадеичев / ТАСС

Россия Федерацияси Давлат думаси депутатлари 11 декабр, чоршанба куни Россия ҳудудида хорижий амалдорлар ёки халқаро ташкилотлар томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилганлик учун жазони назарда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Қонун лойиҳаси Жиноят кодексига «Россиянинг миллий манфаатлари ва суверенитетини ҳуқуқий соҳада ҳимоя қилишга» қаратилган янги (294.1) моддани киритади.

Қонун лойиҳасига тушунтириш хатида мисол тариқасида Халқаро жиноий суд (ХЖС) ва Россиянинг ҳарбий жиноятларига оид далилларни тўплайдиган «дўст бўлмаган мамлакатлар» ҳуқуқ-тартибот идоралари келтирилган. Ҳужжатга кўра, далиллар тўплаш, тезкор-қидирув тадбирлари, фуқароларни сўроқ қилиш ва улардан экспертиза ўтказиш учун намуналар олиш, агар улар Россия ваколатли органлари иштирокисиз амалга оширилса, ноқонуний деб тан олиниши керак.

Агар қонун қабул қилинса, қоидабузарлар икки йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум этилиши ва 500 мингдан икки миллион рублгача жаримага тортилиши мумкин. Қонун лойиҳаси муаллифларидан бири, «Единая Россия» депутати Василий Пискаревнинг айтишича, бу ташаббус Россия фуқароларини хорижий ҳуқуқ-тартибот идоралари аралашувидан ҳимоя қилишга қаратилган.

2023 йилда Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд Россия президенти Владимир Путин ва Россия президентининг болалар ҳуқуқлари бўйича вакили Мария Лвова-Беловани эгаллаб олинган Украина ҳудудидан болаларни олиб чиқиб кетишда айблаб, ҳибсга олишга ордер берган эди. Кремл бу айбловларни рад этади.

2023 йил март ойида Украина болаларни Россия Федерациясига мажбуран депортация қилишнинг 16 мингдан ортиқ ҳолати тўғрисида маълум қилди. Украинадан олиб кетилган кўплаб болалар ноқонуний равишда оилаларга берилади ёки болалар уйларига жойлаштирилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид