Жаҳон | 14:55
14685
4 дақиқада ўқилади

FT: Сурия ҳукумати 2018-2019 йилларда Москвага икки тонна нақд пул юборган

Жами 250 миллион доллар миқдоридаги банкнотлар ташиб борилиши учун 21 рейс амалга оширилган.

Фото: Financial Times

Сурия банки 2018 йил мартидан 2019 йил сентябрига қадар Россияга самолётларда доллар ва евро банкнотларининг йирик партиясини йўналтирган, деб хабар берди 15 декабр куни Financial Times газетаси Import Genius божхона маълумотлари агрегатори маълумотларига таяниб.

FT хабарида айтилишича, Асад режими жами икки тонна оғирликдаги 100 доллар ва 500 евро қийматдаги банкноталарни Москвадаги Внуково аэропортига ташиб борган. Кўрсатилган давр мобайнида Суриядан Москвага шу мақсадда 21 рейс қатнаган, самолётларда жами 250 миллион доллардан ортиқ маблағ олиб ўтилган.

Газета икки рейсга оид маълумотларни келтирган: 2019 йил февралида Сурия марказий банки Москвага 20 миллион евро атрофида, ўша йил майида — 10 миллион доллар маблағ юборган.

Нашр ўрганган ҳужжатларга кўра, Москвага 2018-2019 йилларда олиб борилган пуллар Россиянинг икки банки — «Россия молия корпорацияси» (РФК) ва ЦМРБанк банкларига ўтказилган. Бу банклар АҚШ санкциялари остида. Financial Times қайд этишича, РФК — Россиянинг қурол экспорти бўйича давлат компанияси ҳисобланган «Рособоронэкспорт» таркибига киради. Божхона ҳужжатларига кўра, Сурия марказий банки 2018 йилга қадар Россия банкларига пул юбормаган.

Нашрнинг Сурия марказий банки маълумотлари билан таниш бўлган манбаси хабар қилишича, 2018 йилдаёқ мамлакатнинг хорижий резервлари «деярли нолга тенг» эди. Сурияга қарши киритилган санкциялар туфайли мамлакат марказий банки Россиядан буғдой сотиб олиш, пул босиб чиқариш хизматлари, шунингдек, «мудофаа» харажатлари учун тўловларни нақд шаклда амалга оширишга мажбур эди, дейди газета суҳбатдоши. Унинг сўзларига кўра, марказий банк «омбордаги бори» билан тўлов қилган.

Financial Times ҳавола берган Россия ҳужжатларига кўра, Москвага самолётларда катта миқдорда нақд пуллар ташилишидан олдинги ва кейинги бир неча йил мобайнида Россиядан Сурияга ҳарбий компонентлар ва Гознакда босиб чиқарилган Суриянинг янги банкнотлари юборилган. Шу билан бирга, Россиянинг 2018-2019 йилларда Дамашқдан пул қабул қилиб олгани айтилган икки банки Сурия ёки бошқа бирор давлатдан нақд пул қабул қилиб олгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ.

Газета Сурия марказий банки Москвага пулларни «суриялик диктатор ҳарбий ёрдам учун Кремлдан қарздор бўлган, унинг қариндошлари эса махфий равишда Россияда активлар харид қилган даврда» юборган. 2019 йилда Financial Times Башар Асаднинг қариндошлари 2013 йилдан бошлаб Москвада камида 20 та кўчмас мулк объектлари, жумладан, «Москва-Сити»да 19 та квартира сотиб олгани ҳақида ёзганди.

  • Башар Асад 2024 йил 8 декабр куни суриялик исёнчилар муваффақиятли юриш давомида Дамашққа кириб келганида Сурия президенти лавозимини тарк этди ва мамлакатдан чиқиб кетди. Bloomberg агентлигига кўра, Россия расмийлари Асадни Суриядан кетиш лозимлигига ишонтирган, унинг қочишини эса Россия разведкаси ташкиллаштирган. РФ президенти Владимир Путин Асадга ва унинг оиласига Россиядан бошпана берган.

Мавзуга оид