Жаҳон | 10:54 / 02.01.2025
925
3 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ Япония билан стратегик ҳамкорликни бошлаяпти

Европа Иттифоқи ва Япония ўртасида 2018 йилда имзоланган стратегик шериклик тўғрисидаги битим кучга кирди. Томонлар сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан яқинроқ ҳамкорлик қилади, терроризмга қарши биргаликда курашади.

Фото: AP

1 январ, чоршанба куни Европа Иттифоқи ва Япония ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги битим кучга кирди, дея маълум қилди Европа Иттифоқи кенгаши. Ушбу ҳужжат 2018 йил июл ойида Токиода имзоланган ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар томонидан ратификация жараёни 2024 йил апрелида якунланган.

Ҳужжат «томонларнинг келгусидаги ўзаро ҳамкорлигини белгилаб беради ва бир қатор икки томонлама, минтақавий ва кўп томонлама масалалар бўйича яқинроқ сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни таъминлайди», дейилади Европа кенгаши баёнотида. Бу масалалар, жумладан, терроризм ва оғир халқаро жиноятларга, шунингдек, оммавий қирғин қуролларининг тарқалишига қарши курашни ўз ичига олади. Бундан ташқари, келишув ЕИ ва Японияга коинот, энергетика, транспорт, таълим ва илмий тадқиқотлар каби соҳаларда ҳамкорликни кучайтириш имконини беради.

«Бундан буён томонлар қонун устуворлиги, демократия, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, шунингдек, очиқ бозорлар, эркин ва адолатли савдони ўз ичига олган умумий қадриятлар ва тамойилларни ҳимоя қилиш учун кўпроқ имкониятларга эга бўлади», — дейилади пресс-релизда.

2018 йилнинг июл ойида Токио ва Брюссел ҳам кейинги йилнинг 1 февралидан кучга кирган эркин савдо шартномасини имзолади.

Германия ва Япония иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиради

2023 йил март ойида Германия канцлери Олаф Шолц Японияга ташриф буюриб, мамлакат бош вазири Фумио Кисида билан учрашди. Учрашув якунлари бўйича Германия ҳукумати раҳбари Берлин ва Токио иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш ниятида эканлигини маълум қилди. «Россиянинг Украинага бостириб кириши муҳим соҳаларда кучли иқтисодий қарамлик мавжуд бўлганда юзага келадиган қийинчиликларни кўрсатди. Бунга жавоб ҳамкорликни кучайтириш ва янги ҳамкорлар топиш бўлиши керак», деди Германия канцлери.

Шолцга Японияга сафарида вазирлар маҳкамасининг бир қанча аъзолари, жумладан, Германия иқтисодиёт вазири Роберт Хабек, молия вазири Кристиан Линднер ва мудофаа вазири Борис Писториус ҳамроҳлик қилди. Улар Япония ҳукумати аъзолари билан Ҳинд-Тинч океани минтақасида муҳим инфратузилмани, савдо йўллари ва таъминот занжирларини ҳимоя қилиш, энергия хавфсизлиги, киберхавфсизлик ва ҳарбий ҳамкорликни ўз ичига олган масалаларни муҳокама қилди. «Германия-Япония ҳукуматининг биринчи маслаҳатлашувлари икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқади», — дея ишонч билдирди Германия канцлери.

Германия ва Япония ўртасидаги иқтисодий алоқалар бунгача ҳам жуда яқин эди. 2022 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми бир йил аввалгига нисбатан 9,6 фоизга кўпайиб, 45,7 миллиард еврони ташкил этди.

Мавзуга оид