Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи маслаҳат учрашувида иштирок этди ва нутқ сўзлади.

«Ҳурматли президент Шавкат Миромонович Мирзиёев айтганидек, жаҳон майдонида рўй бераётган ўзгаришлар шароитида мамлакатларимизда минтақани Евросиёнинг муҳим транспорт-логистика ҳабига айлантириш учун ноёб имконият мавжуд.

Ўзбекистон президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевни Самарқандда ЮНЕСКО Бош конференцияси муваффақиятли ўтказилгани билан табриклайман. Бу ҳақиқатан ҳам жуда муҳим форум.

Эндиликда халқларимизнинг ноёб тарихий-маданий меросига асосланган минтақавий ўзига хосликни мустаҳкамлаш айниқса муҳимдир. Кеча Ислом цивилизацияси марказида бўлдик. Бу улуғвор, бетакрор иншоот.

Дарҳақиқат, бу илмий, сайёҳлик, этномаданий лойиҳа бўлиб, Ўзбекистон президентининг Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ушбу жуда муҳим соҳада илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш учун умумий майдон бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фикрига қўшиламан.

Ўзбекистон президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан форматимизнинг институтсионал асосларини мустаҳкамлаш бўйича билдирилган таклифларни қўллаб-қувватлашимни билдирмоқчиман.

Ўйлайманки, биз ушбу масалаларни ишчи тартибда муҳокама қилиб, тегишли таклифларни қонунчилик ёки шартномавий тартибда тасдиқлашга эришишимиз мумкин. Сўзим якунида, ҳурматли Шавкат Миромонович, сизга ушбу саммитни ўтказиш учун кўрсатилган юксак меҳмондўстлик ва ажойиб шароитлар учун яна бир бор чуқур миннатдорчилигимни билдираман», деган Қозоғистон раҳбари.