Ўзбекистон | 13:56 / 15.11.2025
1552
4 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жўмарт Тўқаев стратегик шерикликнинг янги устувор йўналишларини белгилади

Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган самарали музокаралар якунида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ОАВ вакиллари учун баёнот берди. Давлат раҳбарлари Қозоғистон президентининг ташрифини тарихий воқеа сифатида баҳолаб, ўзаро савдони 10 миллиард долларга етказиш, саноат кооперацияси, транспорт, энергетика, сув-экология ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича келишувлар ҳақида маълум қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Кўксарой қароргоҳидаги баёнотда президент Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи икки мамлакат муносабатлари тарихидаги муҳим сана, Ўзбекистон – Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик алоқалари ривожида янги босқични бошлаб берганини катта мамнуният билан таъкидлади.

Ташриф доирасида Олий Давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда икки томонлама кун тартибининг энг муҳим йўналишлари aтрофлича муҳокама қилинди, ҳамкорликни системали равишда чуқурлаштиришга қаратилган қарор ва ташаббуслар ишлаб чиқилди.

Иқтисодий ҳамкорлик масалаларига алоҳида устувор ўрин берилди. Қозоғистон Ўзбекистоннинг энг муҳим савдо шерикларидан бири экани таъкидланди. Жорий йил бошидан буён икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми 15 фоизга ўсиб, қарийб 4 миллиард долларга етгани қайд этилди. Ушбу кўрсаткични 2030 йилга бориб 10 миллиард долларга етказиш бўйича комплекс ишлар амалга оширилаётгани маълум қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев “Марказий Осиё” халқаро саноат кооперацияси марказининг очилиши ташриф доирасидаги муҳим воқеа бўлганини таъкидлади. Ушбу илғор лойиҳа икки мамлакат ўртасидаги кооперация алоқаларини чуқурлаштириш, замонавий қўшилган қиймат занжирларини шакллантиришга хизмат қилиши қайд этилди. Шунингдек, устувор тармоқларда умумий қиймати 1,3 миллиард долларлик янги қўшма лойиҳаларга старт берилгани таъкидланди.

Учрашувда транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ҳам батафсил кўриб чиқилди. Замонавий транспорт йўлакларини биргаликда ривожлантириш, чегараолди инфратузилмаси самарадорлигини ошириш, юк ташишларни, жумладан, Ақтау ва Қуриқ портлари орқали рағбатлантириш бўйича келишувларга эришилгани маълум қилинди.

Энергетика соҳасида анъанавий ва муқобил энергия йўналишидаги қўшма лойиҳаларни илгари суриш стратегик йўналиш сифатида белгилаб олинди. Шу билан бирга, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва сувдан оқилона фойдаланиш масалалари, аввало, Марказий Осиё минтақасида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш контекстида муҳокама этилди.

Маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу йил Олмаота ва Остонада “Лазги” балети намойиши, рассомлар кўргазмаси, адиблар форуми ва ёшлар фестивали катта муваффақият билан ўтгани қайд этилди. Ўзбекистонда ўтказилган Қозоғистон тиббиёти кунлари аҳолида катта қизиқиш уйғотиб, илиқ таассурот қолдиргани таъкидланди.

Томонлар фан ва таълим муассасалари, ижодий ва ёшлар ташкилотлари ўртасидаги алмашинувларни фаоллаштириш, туризм соҳасидаги қўшма дастурларни кенгайтиришга келишиб олди. Минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлиги урғуланди. Шу маънода, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари муҳим ўрин тутиши таъкидланди.

Баёнотда эртага Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви минтақавий интеграция жараёнларига ва бутун Марказий Осиёда бирдамликни мустаҳкамлашга янги суръат бағишлашига ишонч билдирилди.

Кўп томонлама форматларда, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, МДҲ, Туркий давлатлар ташкилоти ҳамда “Марказий Осиё плюс” механизмларида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

– Ҳурматли Қосим-Жўмарт Кемелевичнинг ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари юксак даражада эканини яна бир бор яққол тасдиқлади, – деди президент Шавкат Мирзиёев.

Якунда давлат раҳбари эришилган келишувлар ва имзоланган битимлар икки томонлама шерикликни аниқ мазмун билан бойитиши, қўшма лойиҳалар учун янги уфқлар очиши, биродар мамлакатларнинг барқарор тараққиёти учун мустаҳкам замин яратишига ишонч билдирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид