Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕП қуйи қўмитаси раҳбари Мерцнинг Киевни қўллаб-қувватлашни кучайтиришига умид қилмоқда
Германия канцлери сифатида Фридрих Мерц Украинани Олаф Шолцдан кўра дадилроқ қўллаб-қувватлаши керак, дейди Европарламентнинг хавфсизлик ва мудофаа бўйича қуйи қўмитаси раҳбари Мари-Агнес Штрак-Циммерман.
Фото: AFP
Германиянинг Христиан-демократик иттифоқи (ХДИ)дан ҳукумат раҳбари лавозимига номзод Фридрих Мерц «ҳозирги канцлер Олаф Шолц қилаётган ишнинг аксини қилса, буюк канцлер бўлиши имконияти бор». Бу фикрни Mediengruppe Funke медиа-гуруҳининг Meine schwerste Entscheidung («Менинг энг қийин қарорим») подкастида Европарламентнинг хавфсизлик ва мудофаа бўйича қуйи қўмитаси раҳбари, Эркин демократик партия (ЭрДП)дан Мари-Агнес Штрак-Циммерман билдирди.
Хусусан, унинг сўзларига кўра, Мерц Украинани кейинги қўллаб-қувватлаш масалаларида Шолцдан кўра жасоратли бўлиши керак. Агар у иккиланиб, «юмшоқлик» кўрсатса, «кўплаб канцлерлардан бирига айланади», - дейди Штрак-Циммерманн. Бироқ, Украинани қўллаб-қувватлаш, унинг фикрича, «вазиятни ҳақиқатан ҳам ўзгартириш» имкониятига эга.
«Шолц ўтмишга айланди»
Мари-Агнес Штрак-Циммерман Олаф Шолцнинг ҳукумат раҳбари лавозимида қолиш имконияти йўқлигига ишончи комил. «Олаф Шолц ўтмишга айланди», деди у ва ҳозирги Германия ҳукуматининг Украинага нисбатан олиб бораётган сиёсати туфайли «мухолифатга ўтишини» энг қийин сиёсий қарори сифатида тилга олди. «Биз бир жамоамиз ва мен жамоавий ўйинчиман», деди Штрак-Циммерман. Бироқ, у таъкидлаганидек, «канцлерга Украинани қўллаб-қувватлашга келганда, содиқлик бўйича ҳам чегара борлигини айтиш»га мажбур бўлди.
2024 йилгача Бундестагнинг мудофаа қўмитаси раиси бўлиб ишлаган Штрак-Циммерман ЭрДП ҳукмрон коалициянинг бир қисми бўлса-да, Шолцнинг Украинага нисбатан сиёсатини бир неча бор очиқ танқид қилган. Шундай қилиб, у Шолцнинг Киевга немис қуролларини, биринчи навбатда, TAURUS узоқ масофали ракеталарини етказиб бериш бўйича позициясини жуда эҳтиёткор деб ҳисоблади.
Мерц Европада Украина бўйича алоқа гуруҳини тузишга чақирди
Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ) ва Христиан-социал иттифоқ (ХСИ) мухолифат блокидан Германия канцлери лавозимига номзод Фридрих Мерц АҚШда бўлажак ҳокимият алмашиши муносабати билан Украинага кейинги ёрдамни мувофиқлаштириш учун Европа алоқа гуруҳини шакллантиришни таклиф қилди. «Биз Украина ҳеч қандай чекловларсиз ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан фойдаланиши учун ҳамма нарсани қилишимиз керак», деди у 9 декабр куни Киевда Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашувда.
Бундан ташқари, европаликлар Украинадаги уруш имкон қадар тезроқ тугаши учун ҳамма нарсани қилиши керак, деб таъкидлади Бундестагдаги ХДИ/ХСИ фракцияси раҳбари. Унинг сўзларига кўра, АҚШда Доналд Трампнинг ҳокимият тепасига келишига тайёргарлик кўриш ва барча эҳтимолий сценарийларни ўйлаб кўриш керак.
Мерц фикрича, Европага Германия, Франция ёки Британиянинг бир ўзи ишлаб чиқа олмайдиган стратегия керак. «Биз бу стратегияни фақат биргаликда ишлаб чиқишимиз мумкин», дея қўшимча қилди у. Мерц, шунингдек, Зеленскийнинг Дания бундай алоқа гуруҳида муҳим рол ўйнаши мумкинлиги ҳақидаги таклифини «катта қизиқиш билан» қабул қилганини айтди.
Мавзуга оид
14:17 / 18.12.2025
Мерц: Украина учун ишончли хавфсизлик кафолатлари — тинчликнинг “нархи”
13:39 / 18.12.2025
Мерц: ЕИ саммитида Россияга “аниқ сигнал” юбориш керак
10:26 / 16.12.2025
Мерц: Россия активларидан фойдаланишдан бош тортиш ЕИга зарар етказади
09:12 / 12.12.2025