Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Bloomberg Европада газ захиралари одатдагидан тез камайиб бораётганини маълум қилди
Ҳозирда Европа газ омборлари 70 фоизга тўла — бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16 фоизга кам. Газ захираларининг камайишига совуқ об-ҳаво ва техник носозликлар таъсир кўрсатмоқда.
Совуқ об-ҳаво фонида Европада газ захиралари ўтган етти йилга нисбатан тезроқ сарф бўлмоқда. Бу ҳақда ЕИ газ омборларидаги маълумотларга таяниб, Bloomberg хабар берди.
Агентликнинг қайд этишича, ўтган йилнинг шу вақтида мазкур газ омборлари 86 фоизга тўла бўлган, ҳозир эса ушбу кўрсаткич 70 фоизни ташкил этмоқда.
Экспертлар Европа жорий мавсумда газ тақчилигига дуч келмаслигини маълум қилмоқда. Аммо Goldman Sachs таҳлилчиси Саманта Дартнинг сўзларига кўра, март ойига бориб газ қанча кам қолса, кейинги қиш мавсуми учун захираларни тўлдириш шунча қийин кечади. Табиийки, бу қисқа муддатда нархлар ошишига олиб келиши мумкин.
Ҳаво ҳароратининг тушиб кетганига қўшимча равишда техник муаммолар ҳам пайдо бўлган. Хусусан, Норвегиянинг Хаммерфест шаҳридаги суюлтирилган табиий газ ишлаб чиқариш заводи фаолияти тўхтатилган. 9 декабрда заводдаги компрессор ишдан чиққанди.
Россиянинг «Газпром» компанияси 2025 йил 1 январ куни Украина орқали Европага газ етказиб беришни тўхтатганини эълон қилди. Украина ҳукумати томонидан 2023 йил охирида эълон қилинган маълумотларга кўра, Россия газининг мамлакат бўйлаб қувурлар орқали Европага етказилаётган ҳажми 2022 йилга нисбатан 28 фоизга камайиб, 15 миллиард куб метрни ташкил қилган. Украина бу шартномадан йилига тахминан 1 миллиард доллар, «Газпром» эса йилига 3 миллиард доллардан ортиқ даромад олаётган эди.
Аввалроқ Европада газ нархи минг метр куб учун 540 долларга чиқиб, 2023 йил октябр ойидан бери энг юқори даражага кўтарилгани тўғрисида хабар берилганди. Ёқилғи нархи Россия газининг Украина орқали Европага етказиб берилиши тўхтатилгани фонида қимматлашган.
Мавзуга оид
08:17 / 18.06.2026
Европада сўнгги ўн йилликлардаги энг йирик инфратузилма лойиҳаларидан бири бошланди
09:15 / 15.06.2026
Европа етакчилари АҚШ–Эрон келишувини олқишлади
08:18 / 15.06.2026
Европа аҳолиси қайси мамлакатларда ўзини хавфсиз ҳис қилади?
10:15 / 13.06.2026