Жаҳон | 19:15 / 11.01.2025
1850
2 дақиқада ўқилади

Хитой ва Британия олти йиллик танаффусдан кейин молиявий-иқтисодий соҳадаги музокараларни қайта бошлади

Икки мамлакат ўртасида ҳар йили ўтказиб келинган музокаралар COVID-19 пандемияси ва муносабатларнинг ёмонлашуви туфайли тўхтаб қолганди. Хитой билан муносабатларни яхшилаш борасидаги Британия бош вазири Кир Стармернинг ҳаракатлари мамлакатдаги Консерватив партиянинг эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Фото: AP

Хитой ва Буюк Британия олти йиллик танаффусдан кейин молиявий-иқтисодий муносабатлар бўйича юқори даражадаги музокараларни қайта бошлади.

Қайд этилишича, музокараларда иштирок этиш учун Пекинга Британия молия вазири Рейчел Ривз ташриф буюрган. «Бугун Британия ва Хитой муносабатларининг муҳим босқичи — икки мамлакат қарийб олти йил ичида илк бор иқтисодий ва молиявий мулоқот ўтказади», — дейди Ривз.

Унинг қўшимча қилишича, Британия ҳукумати ХХР билан молиявий, капитал бозори савдо ва инвестицияларда субсидиялар мавзусида ҳамкорликни кучайтириш ниятида.

Ўз навбатида ХХР Давлат кенгаши бош вазири ўринбосари Хэ Лифэн Пекиннинг Лондон билан нафақат савдо ва инвестициялар соҳасидаги, балки яшил иқтисодиёт, қайта тикланувчи энергия, биология ва тиббиёт, сунъий интеллект борасида ҳам муносабатларини яхшилашга қизиқиш билдирмоқда.

 Associated Press’нинг эслатишича, икки мамлакат ўртасида ҳар йили ўтказиб келинган молиявий-иқтисодий музокаралар 2019 йилда COVID-19 пандемияси ва муносабатларнинг ёмонлашуви туфайли тўхтаб қолганди.

Аммо ўтган йилнинг июлида Британия бош вазири лавозими эгаллаган Кир Стармер Хитой билан муносабатларни мустаҳкамлашга киришган. Британия ТИВ раҳбари Дэвид Лэмми октябрда Хитойга ташриф буюрган, Стармер ва ХХР раиси Си Жинпинг ноябр ойида Бразилияда ўтказилган G20 саммитида учрашган.

Аммо мухолиф Консерватив партия Стармернинг бу каби сиёсий йўналишини танқид қилиб, иқтисодий муносабатлар хавфсизлик ва инсон ҳуқуқлари масалалари ҳисобига ривожлана олмаслигини таъкидламоқда. Ўз навбатида Британия ҳукуматининг маълум қилишича, Стармер Хитой билан муносабатларга прагматик ёндашиб, глобал барқарорлик, иқлим ўзгариши ва қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш мавзуларида ишлаётганини билдирди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид