Жаҳон | 22:47 / 13.01.2025
5177
3 дақиқада ўқилади

Фицо Зеленскийни чегарада учрашиб, газ транзитини муҳокама қилишга чақирди. Украина президенти эса уни Киевга таклиф қилди

«Газпром» томонидан Россия газини Украина орқали Европага етказиб бериш 1 январдан тўхтатилган. Шундан сўнг Словакия бош вазири Роберт Фицо Укрианага электр энергияси етказиб берилишини тўхтатиш билан таҳдид қилганди.

Фото: РБК

Словакия бош вазири Роберт Фицо Россия гази транзити масаласи бўйича Украина президенти Володимир Зеленскийни музокаралар ўтказишга чақирди. Бу ҳақда Фицо Словакия бош вазирининг Facebookʼдаги саҳифасида эълон қилинган очиқ мурожаатида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, учрашув Словакия ҳудудида, Украина чегараси яқинида ўтказилиши мумкин. Фицонинг ҳисоблашича, бу каби учрашув «Словакия ва бошқа давлатларга Украина ҳудуди орқали газ етказиш бўйича очиқ мулоқот учун яхши шароит яратади».

«Украина орқали Словакия ва бошқа истеъмолчиларга газ транзитини тўхтатиш қарорингиз Украинанинг ўзига, Словакия ва хусусан, Европа Иттифоқига улкан зарар етказади. Бу на икки томонлама, на кўп томонлама муносабатларга мос келадиган аралаш реакцияга сабаб бўлади», — дейди Словакия бош вазири.

Ўз навбатида Володимир Зеленский ҳам Роберт Фицонинг мурожаатига жавоб қайтариб, уни Киевга таклиф қилди. «Яхши. Жума куни Киевга келинг», — деб ёзган Украина президенти ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасига.

«Газпром» томонидан Россия газини Украина орқали Европага етказиб бериш 1 январдан тўхтатилган. Бунга қадар Россия гази ЕИнинг уч давлати — Словакия, Австрия ва Венгрияга етказилар эди. Киев уруш туфайли Европага Россия гази ва нефти транзитини 2025 йилдан тўхтатишини бир неча бор маълум қилган. Шу билан бирга, Украина ҳукумати бошқа давлатлардан газ транзитини амалга оширишга тайёрлигини билдирган.

Транзит тўхтатилиши фонида Словакия бош вазири ва Украина президенти ўртасида тортишув юз берди. Декабр охирларида Фицо Владимир Путин билан учрашиш учун Москвага келган ва ўз ташрифини Зеленскийга «жавоб» деб атаган. Украина президенти ушбу ташрифни «давлат манфаатлари билан савдо қилиш ёки ўз ҳамёни учун ишлаш», дея таърифлаган.

Газ транзити тўхтатилганидан кейин Фицо Украинага электр энергияси етказиб берилишини тўхтатиш ва украиналик қочқинларни қўллаб-қувватлашни қисқартириш билан таҳдид қилган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид