Жаҳон | 21:39 / 13.01.2025
5995
2 дақиқада ўқилади

Хитой ва Ҳиндистон санкция остига тушган Россия нефт танкерларини қабул қилмади

Мутахассислар фикрича, янги санкциялар Россия нефтининг Осиё мамлакатларига экспортига оғриқли таъсир кўрсатиши мумкин.

Фото: Bloomberg

Ҳиндистон АҚШ томонидан санкцияларга учраган Россия нефт танкерларини ўз портларида қабул қилмайди. Бу ҳақда Bloomberg Ҳиндистоннинг юқори мартабали мулозимига таяниб хабар берди.

Расмийга кўра, санкциялар остига тушган кемаларга юк туширишга рухсат берилмайди. Бу 10 январгача ижарага олинган кемаларга тааллуқли эмас, уларга 12 мартгача юк туширишга рухсат берилган. Шундай қилиб, санкцияларнинг таъсири бир неча ой ичида сезилиши мумкин.

Қайд этилишича, Ҳиндистон банклари хомашё санкция остидаги компаниялардан етказилмаслигини таъминлаш мақсадида сертификат талаб қилади. Шу билан бирга, Ҳиндистон нефтни қайта ишлаш заводлари Россия нефтига чегирмадан маҳрум бўлиши мумкин.

Расмийнинг қўшимча қилишича, Ҳиндистон нефтни қайта ишлаш заводлари Яқин Шарқдаги таъминотчилар билан янги шартномалар бўйича фаол музокара олиб бормоқда.

Аввалроқ, 2 миллион баррелдан ортиқ Россия нефтини олиб кетаётган учта танкер Шарқий Хитой яқинидаги денгизда қолиб кетгани ҳақида хабар берилди. 10 январ куни АҚШ уларга қарши санкциялар киритгач, кемалар Хитой портларига киритилмаган.

Bloomberg хабарига кўра, Huihai Pacific танкери 770 минг баррел, Mermar кемаси 755 минг баррел, Olia кемаси 709 минг баррел нефт билан денгизда қолган.

Мутахассислар фикрича, санкциялар Россия нефтининг Осиё мамлакатларига экспортига оғриқли таъсир кўрсатиши мумкин.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид