Исроил ва Ҳамас келишуви ҳали кучга кирмади. Ғазо ўққа тутилиши давом этмоқда
Исроилликлар Ҳамасни тинчлик келишуви лойиҳасининг бир қанча бандларини ўзгартиришга уринишда айбламоқда. Исроиллик икки вазир Ҳамасга қарши урушни давом эттиришни талаб қилиб, акс ҳолда ҳукуматдан чиқишини айтди. Бу эса ҳукмрон коалиция парчаланишига олиб келади.

Фото: Amir Cohen / Reuters / Scanpix / LETA
Исроил вазирлар маҳкамаси Ҳамас билан сулҳ битимини тасдиқлаш учун овоз бериш жараёнига йиғила олмади, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг офиси бунга фаластинликлар охирги паллада қатор келишувлардан бош тортганини сабаб қилиб келтирди. Ҳамас эса буни рад этмоқда. Исроилнинг розилигисиз келишув кучга кирмайди.
Исроилнинг хавфсизлик бўйича вазирлар маҳкамаси 16 январ куни маҳаллий вақт билан соат 11:00 да Ғазо секторида маҳбусларни озод қилиш ва ўт очишни тўхтатиш бўйича Ҳамас билан келишувни тасдиқлаш учун йиғилишни режалаштирган эди.
«Моссад» директори Давид Барнеа бошчилигидаги исроилликлар делегацияси ҳали ҳам Доҳада бўлиб турибди ва воситачилар билан келишув деталлари муҳокамасини давом эттирмоқда, деб хабар берган Қуддусдаги манбалар. Ушбу делегация аъзолари розилигисиз тор доирадаги ҳарбий кабинет ва вазирлар кабинети овоз бериш жараёнини бошлай олмайди.
Исроил Ҳамаснинг айнан қайси бандларни бажаришдан бош тортаётганига аниқлик киритилмаган.
Томонлар ўртасида келишувга эришилгани ҳақида чоршанба куни кечқурун хабар тарқалганди. Музокаралардаги асосий воситачилар — Қатар ва АҚШ томони буни факт сифатида эълон қилганди.
Аммо Исроил томони, Вашингтоннинг босимига қарамай, бирорта ҳам аниқ баёнот бергани йўқ. Таҳлилчилар фикрича, Исроил шу орқали халқаро воситачилар барвақт энтузиазмга берилганини кўрсатмоқда.
Ҳамас сиёсий бюроси аъзоси Иззат ар-Рашақ эса Фаластин ҳаракати келишувга содиқ эканини айтди. «Ҳамас воситачилар томонидан эълон қилинган оташкесим келишувига содиқдир» деди у.
Шу кунларда Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар Италияга ишчи ташрифини муддатидан олдин якунлаб, ватанига қайтганди.
BBC’нинг Қуддусдаги манбалари айтишича, вазирлар ўртасида алоҳида норасмий маслаҳатлашувлар тундаёқ бошланган.
Келишувга кутилганидек молия вазири Бецалел Смотрич ва миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир қарши чиқмоқда. Уларнинг иккиси ҳам ултраўнг қарашлари ва Ғазодаги ҳарбий амалиётни қўллаб-қувватлаши билан танилган.
Аввалроқ Бен-Гвир Қатардаги келишув Исроил Ҳамас қаршисида таслим бўлишига тенг эканини айтганди. У ҳам, Смотрич ҳам агар Исроил гуруҳни бутунлай яксон этиш мақсадидан қайтадиган бўлса, истеъфога чиқиш билан таҳдид қилган.
Агар улар шундай йўл тутадиган бўлса, Исроилни навбатдаги сиёсий инқироз кутади. Смотрич ва Бен-Гвир раҳбарлигидаги икки партиясиз ҳукмрон коалиция камида парламентдаги кўпчилик ўринга эгалик қила олмайди, максимумда эса — парчаланади.
Бу вақтда эса Исроил пайшанбага ўтар кечаси ҳам Ғазо сектори бўйлаб зарба беришда давом этган. Ўнлаб қурбонлар борлиги айтилган.
Келишув босқичлари
Агар келишув барибир яқин соатларда Исроил томонидан маъқулланса, у 19 январ куни кучга кириши лозим. Агар овоз бериш жараёни чўзилса, сулҳ амал қиладиган муддатни қайтадан келишиш керак бўлади.
Келишув учта босқични ўз ичига олади, улар ҳақида фақат айрим маълумотлар очиқланган.
Биринчи босқич
Биринчи босқич олти ҳафтага мўлжалланган ва дарҳол ўт очиш тўлиқ тўхтатилиши керак бўлади.
Агар Исроил кабинети келишувни маъқулласа, ўт очишни тўхтатиш режими 19 январ, шанба куни кучга кириши керак.
Шундан кейин Ғазо секторидаги фаол ҳарбий ҳаракатлар олиб борилган ҳудудлардан қочган фаластинликлар уйларига қайтишни бошлаши мумкин бўлади. БМТ баҳоларига кўра, Ғазода бундай одамлар 2 млн кишини ташкил этади (сектор аҳолисининг 90 фоизи).
Шунингдек, келишувнинг биринчи босқичи доирасида Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами юборилади. Ҳар куни секторга минглаб юк машиналари кириши кўзда тутилган.
Шу билан бир вақтда, Ҳамас исроилликларни қўйиб юборишни бошлайди. Дастлабки гуруҳ 33 кишидан иборат бўлади (дастлабки хабарларда 34 киши ҳақида гап борганди). Булар аёллар, болалар ва қариялар бўлади. Аммо уларнинг қанчаси тирик экани ва қанча ҳолатда жасадларни топшириш ҳақида гап бориши аниқ эмас.
Исроил ҳукумати вакили Давид Месер хабар беришича, расмийлар кўпроқ тирик одамлар қайтарилишини кутмоқда.
Келишувнинг шу банди, шунингдек, ҳукумат уларга кимларни қайтаришини охиригача билмаслиги Исроил томонида норозилик уйғотмоқда.
Ҳамас бунинг эвазига минглаб фаластинлик маҳбусларни талаб қилмоқда ва уларнинг барчаси тирик одамлар бўлиши лозим, Исроил эса нафақат яна бир бор нотенг алмашувга рози бўлиши, балки кўр-кўрона ҳаракат қилишига ҳам тўғри келади, дейишмоқда кўплаб исроилликлар.
Уларга ўз ҳукумати нима учун биратўла гаровдаги барча 94 кишини қайтаришни талаб қилмагани тушунарсиз. Исроил разведкаси маълумотига кўра, айнан шунча исроиллик ҳамон асирликда, шундан 34 нафари ҳалок бўлган.
Фаластин расмийларига кўра, қолган асирларнинг тақдири келишувнинг кейинги босқичларида муҳокама қилинади, биринчи босқич режадагидек ўтса, кейинги босқич ўт очишни тўхтатишнинг 16-кунида бошланиши назарда тутилган.
Иккинчи босқич
Бу босқич уруш тўлиқ якунланишини назарда тутади, аммо томонлар ҳали уни муҳокама қилишга киришмагани туфайли, «тўлиқ якун» нимани англатиши номаълум.
Катта эҳтимол билан, бу босқичда Исроил армияси Ғазо сектори ҳудудини тарк этишни бошлаши керак, аммо тафсилотлар аниқ эмас.
АҚШ президенти Жо Байденга кўра (унинг режаси келишувга асос бўлган), иккинчи босқичда қолган исроилликлар ва ўлдирилганларнинг жасадлари қайтарилиши керак.
Исроил мингга яқин фаластинликни қамоқхоналардан озод этишга ваъда берган, шундан 190 нафари жиддий айбловлар бўйича камида 15 йилга қамалган кишилардир.
Бу маҳбусларнинг барчаси иккинчи босқичда қайтарилиши ёки Исроил уларнинг бир қисмини биринчи босқич давридаёқ қўйиб юбориши аниқ эмас.
Учинчи босқич
Келишувнинг учинчи, якуний босқичи Ғазони қайта тиклашни кўзда тутади, бунга эса йиллар кетиши мумкин.
Тавсия этамиз
Апрелда қанақа об-ҳаво кутиляпти?
Ўзбекистон | 12:09 / 28.03.2025
АҚШда Исроилни танқид қилган турк талаба қўлга олинди
Жаҳон | 22:36 / 27.03.2025
Карманада мактаб ўқувчиси олийгоҳга кириш учун муддатидан аввал максимал баллни тўплади
Жамият | 20:18 / 27.03.2025
“Контрактга кирсанг ўқита олмаймиз дейишган” – oрзулар йўлида стереотипларни енгиб ўтган навоийлик қиз ҳикояси
Жамият | 20:50 / 25.03.2025
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид

13:09 / 29.03.2025
Исроил Байрутдаги "Ҳизбуллоҳ" нишонларига ҳужум қилинганини билдирди

10:11 / 28.03.2025
Исроилда ҳукуматга қарши намойишлар қайта бошланди

08:05 / 28.03.2025
Нетаняҳу Ғазони босиб олиш билан таҳдид қилмоқда

22:36 / 27.03.2025