Жаҳон | 22:13 / 16.01.2025
3060
2 дақиқада ўқилади

Хитой Volkswagenʼнинг Германиядаги заводини сотиб олишга қизиқиш билдирмоқда

Бу хитойлик электромобил ишлаб чиқарувчиларга ЕИнинг электрокарларга нисбатан солиғини четлаб ўтиш имконини беради.

Фото: AFP

Хитойлик амалдорлар ва автомобил ишлаб чиқарувчилар ёпилиши кутилаётган немис заводларига, хусусан, Volkswagen объектларига қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда Хитой ҳукуматининг ғояларидан хабардор манбасига таяниб, Reuters хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, завод хариди Хитойга Германиянинг энг қадимги ва машҳур брендларни ишлаб чиқарадиган нуфузли автомобил саноатида ўз таъсирини ошириш имконини беради.

Бундай қадам Хитойнинг энг резонансли инвестиция сиёсатига айланиши мумкин. Volkswagen узоқ вақт Германия саноат тараққиётининг рамзи бўлиб келган, ҳозирда унга глобал иқтисодий секинлашув сабаб талабнинг камайиши ва яшил технологияларга ўтиш таҳдид солмоқда.

Европага сотиладиган автомобилларни Германияда ишлаб чиқариш хитойлик электромобил ишлаб чиқарувчиларга ЕИнинг электрокарларга нисбатан солиғини четлаб ўтиш имконини беради ва бу Европадаги ишлаб чиқарувчилар учун қўшимча рақобат хавфига айланиши мумкин.

Таклифлар хусусий фирмалар, давлат компаниялари ёки қўшма корхоналардан келиб тушиши мумкин, аммо Хитой ҳукумати хориждаги маълум инвестицияларни тасдиқлаш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади ва афтидан, дастлабки босқичданоқ ҳар қандай таклифда иштирок этади.

Инвестицияга оид қарор феврал ойида бўлиб ўтадиган сайловлардан кейинги Германия янги ҳукуматининг Хитой билан муносабатлари позициясига боғлиқ бўлади.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг айтишича, Германияга инвестиция киритмоқчи бўлган компанияларга бу борада рухсат берилиши керак.

Манбаларга кўра, Volkswagen Оснабрюкдаги заводини хитойлик харидорларга сотиш учун очиқ. «Биз Хитой қўшма корхонаси учун Volkswagen маркаси ва Volkswagen стандардлари остида нимадир ишлаб чиқаришимизни тасаввур қилиш мумкин. Бу асосий шарт», — дейди у.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид