Ўзбекистон | 19:33 / 19.01.2025
3870
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда янги GAB Airlines авиакомпанияси иш бошлагани рад этилди

Фуқаро авиацияси агентлиги GAB Airlines авиакомпанияси ташкил этилгани ва у парвозларни амалга ошириши ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

Фото: iStock

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги мамлакатда янги GAB Airlines авиакомпанияси ташкил этилгани ҳақидаги хабарларга раддия берди.

Қайд этилишича, ОАВда Ўзбекистонда янги GAB Airlines авиакомпанияси ташкил этилгани ҳамда Airbus-320 ва Airbus-330 ҳаво кемаларида парвозларни амалга ошириши ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Таъкидланишича, фуқаро авиациясида ҳаво кемаларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш учун Ўзбекистон Ҳаво кодекси ва лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида қонун талабларига мувофиқ, ҳар қандай юридик шахс «Ўзавиация» агентлигидан белгиланган тартибда ҳаво кемаси эксплуатанти сертификатини олиши шарт.

«Фақатгина ҳаво кемаси эксплуатанти сертификатини олгандан кейингина авиакомпания мақомини олиш мумкин ва ҳаво кемаларида ҳаво ташувларини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади.

Ўзини GAB Airlines авиакомпанияси деб атаётган ташкилот бугунги кунга қадар «Ўзавиация» агентлигига ҳаво кемаси эксплуатанти сертификатини олиш учун ариза ва ҳаво кемасини сотиб олгани ёки ижарага (лизингга) олгани ҳақидаги ҳужжатларни тақдим этмаган», — дейилади хабарда.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид