Ўзбекистон | 09:39 / 05.03.2026
2795
2 дақиқада ўқилади

Мадина ва Жиддадан 21 рейс: 4 948 нафар йўловчи олиб келинди

Яқин Шарқ минтақасидаги ҳарбий низо фонида қатор давлатлар ҳаво ҳудудининг парвозлар учун ёпиқ қолиши сабаб, Ўзбекистонга қайтиб кела олмаган фуқароларни олиб келиш бўйича қўшимча рейслар ташкил этилмоқда.

Фото: Kun.uz 

Яқин Шарқ минтақасида давом этаётган ҳарбий низо натижасида Баҳрайн, Кувайт, Сурия, Ироқ, Эрон, Қатар, Исроил, Иордания, БАА ва Ливан давлатларининг ҳаво ҳудуди парвозлар учун турли муддатларга ёпиқлигича қолмоқда.

Шу сабабли 28 февралдан Ўзбекистон шаҳарларидан Дубай, Шаржа, Мадина, Доҳа, Жидда, Тел-Авив, Теҳрон, Кувайт йўналишларида барча авиақатновлар бекор қилинган. Натижада 28 феврал – 2 март кунлари Кувайт, Исроил, Саудия Арабистони, Қатар ва БААдан жами 1 681 нафар фуқаро парвоз қила олмаган.

Ўзбекистон президенти топшириғи доирасида Транспорт вазирлиги томонидан резидент ва хорижий авиакомпаниялар билан аниқ режалар тузилиб, ишларини мувофиқлаштириш мақсадида «Ўзавиация» агентлигида 24/7 режимда ишлайдиган штаб ташкил этилган. Вазиятнинг ўзгарувчанлиги ва хорижий авиация идоралари билан ўтказилган музокаралар якунлари инобатга олинган ҳолда парвозларни бажаришда авиакомпаниялар риоя қилиши лозим бўлган талаблар ҳам белгиланган.

Ҳозирги кунда резидент ва норезидент авиакомпаниялар томонидан 2026 йил 28 февралгача жўнаб кетган йўловчиларни Ўзбекистонга қайтариш мақсадида рейслар амалга оширилмоқда. Бугунги кун ҳолатига кўра, мамлакатимиз резидент авиакомпаниялари томонидан Мадина ва Жидда аэропортларидан 21 та рейс бажарилиб, 4 948 нафар йўловчининг Ўзбекистонга олиб келиниши таъминланди. Шунингдек, Дубай шаҳридан 235 нафар йўловчи ҳам мамлакатимизга олиб келинган.

Рейслар бўйича маълумотларни аниқлаштириш учун фақат авиакомпанияларнинг ваколатхоналари ҳамда уларнинг расмий веб-сайтларида кўрсатилган телефон рақамларига мурожаат қилиш тавсия этилади. Тушунмовчилик ва молиявий хавф-хатарларнинг олдини олиш мақсадида текширилмаган воситачилардан сақланиш лозим.

Йўловчиларга ёрдам кўрсатиш учун «Ўзавиация» агентлиги call-маркази 24/7 ишлайди: +998 (78) 120-00-72, +998 (71) 200-07-65.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид