Маск ва «зига»: миллиардер Ҳитлерни олқишлайдиган жестни такрорладими?
20 январ куни Капитолийда республикачи Доналд Трампнинг инаугурация маросими ўтказилди. 250 мингдан ортиқ одам қатнашган маросимнинг энг машҳур меҳмонларидан бири шубҳасиз, дунёнинг энг бой одами Илон Маск эди. У бор жойда, албатта, қандайдир можаро бўлади. Бу гал ҳам шундай бўлди.

Трампнинг сайлов кампаниясига камида 200 миллион доллар хайрия қилгани айтилаётган Маск АҚШ президентининг энг яқин иттифоқчиларидан бирига айланди. Тадбиркор сайлов ўтказилган кундан буён Трампнинг Мар-а-Лагодаги мулкида яшаб келади. У президентнинг Володимир Зеленский билан ўтказилган илк телефон суҳбатида ҳам ёнида ўтирган. Кейинчалик Оқ уйдаги лавозимларга одам танлашда асосий маслаҳатчига айланган. Охир-оқибат Трамп Маскнинг ўзига ҳам Оқ уйда лавозим берди.
Бу маълумотларни бежизга келтирмаяпмиз, инаугурация куни Маскка нафақат дунёнинг энг бой одами сифатида, балки Трампнинг асосий иттифоқчиси сифатида қарашди. Унинг ҳар бир ҳаракатига мана шу ракурсдан баҳо берилди.
Маросимда сўзга чиққан Маск жуда ғалабали ҳаракатни амалга ошириб, балога қолди. У ўнг қўлини олдинги чўзиб, фашистлар Германияси рамзи бўлмиш «зига» жестини такрорлади. Фашистлар уни «Ҳайл Ҳитлер» иборасини айтганда ишлатган. Маск Вашингтондаги маросим давомида «зига»ни бир эмас, икки марта такрорлади.
Маскнинг ҳаракати тезда муҳокамалар марказига тушди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг аксари бу айнан «зига» экани ҳақида ёзишди. «Жест кафтни пастга туширган кўйи ўнг қўлни тепага кўтаришдан иборат», деб таърифлади «зига»ни АҚШ антидиффамация лигаси. Бу бирлашма антисемитизмга қарши кураш билан шуғулланади. Аммо бу ташкилот Твиттерда Маскнинг жести айнан «зига» эканини тасдиқлашдан бош тортди. «Афтидан, Маск кескин кўтаринкилик таъсирида ноқулай ҳаракат қилиб қўйди, нацистча саломлашгани йўқ», деган пост пайдо бўлди лига саҳифасида.
Маскнинг ҳаракати дунёдаги яҳудийларни ларзага солди. Ахир Адолф Ҳитлернинг уларга муносабати қандай бўлганини биласиз. Австралия яҳудийлар кенгаши етакчиларидан бўлмиш тарихчи Макс Кайзер Маск айнан зигани такрорлаганини айтиб, АҚШдаги антисемитизмга қарши курашувчи ташкилотларни танқид қилди.
«Бу неонацистлар, оқ миллатчилар ва уларнинг тарафдорларига қаратилган, уларга сизларнинг қадриятингизни қўллайман, деб айтилган аниқ сигналдир».
Ню-йорклик тарих профессори Рут Бен-Гиат ҳам шундай фикрда: «Мен мутахассислиги фашизмни ўрганиш бўлган тарихчиман ва комил ишонч билан айтаманки, бу нацистча саломлашиш эди. Жанговар ҳолатдагиси».
Бошқа бир тарихчи Аарон Астор ҳамкасбларининг фикрини қўлламайди: «Мен Илон Маскни у неонацистларга ўз платформасида майдон яратиб бергани учун кўп танқид қилганман. Лекин бу нацистча саломлашиш эмас, у ерда шунча аутизм билан оғриган эркак оломонга қараб мен қалбан сиз биланман, деди холос». Яна бир австралиялик машҳур яҳудий Алекс Ривчин ҳам Маск ҳитлерчилар жестини такрорламаганини айтди.
Маскнинг ўзи қилган ҳаракатини Аспергер синдроми билан оғриганига боғлади ва бу гапи билан аутизмга чалинган бошқа одамлар танқидига учради. Биз бундай қилмаймиз-ку, сен нега касалликни баҳона қиляпсан, қабилида эътироз билдиришди улар.
Жаҳон матбуоти нима дейди?
Жаҳон матбуоти ҳам Маскнинг жестини фаол муҳокама қилди. Исроилнинг Jerusalem Post нашри «Маск Трампнинг инаугурациясида «зига»ни такрорладими?» деган сарлавҳа билан мақола чиқарди. Британиянинг Spectator нашри эса унга жавоб бергандек «Йўқ, Илон Маск фашистлар жестидан фойдаланмади», деб ёзди.
Турли хил неонацистик гуруҳлар Маскнинг жестини олқишлади. «У буни атайин қилдими ёки билмасдан – менга қизиқ эмас, мен кўзда ёш билан бу лаҳзадан роҳатланаман», деб ёзган Blood Tribe неонацистлар гуруҳи лидери Кристофер Полхаус.
«Ҳайл, Трамп», деб қўшиқ куйлади Оҳаё штатидаги Proud boys гуруҳи аллақачон.
Илон Маскнинг ўзи ҳолатга қуйидагича муносабат билдирди: «Тўғриси, уларга янги ифлос можаролар керак. Ҳаммангиз Ҳитлерсиз, деган мантиқсиз ҳужум жонга тегди», деб ёзди Маск.
Берлинлик судя Кай-Уве Хербст Олмонияда ўнг қўлни олдинга чўзиш жиноий иш очишга сабаб бўлиши мумкинлигини эслатди. Лекин шунчаки ўнг қўлини юқори кўтарган одамга ҳеч қандай жазо бўлмаслиги мумкин, лекин бу нацистлар жести эканини тушунган ҳолда такрорлаган одам жазоланади.
Германиялик судянинг айтишича, мамлакатда кўпчилик бу жестни провокация қилиш учун ишлатади. Аммо Маск бу жестни нега қилганини ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди...
Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фаҳонгир Алибоев.
Тавсия этамиз
Ҳайдовчилар учун қатор енгилликлар эълон қилинди
Ўзбекистон | 18:04 / 16.05.2025
Шаҳарларда йўл таъмирлаш ишлари фақат тунда амалга оширилади
Ўзбекистон | 17:20 / 16.05.2025
Камералар йўл чизиғини босганлик учун жарима ёзмайдиган бўлди
Ўзбекистон | 16:46 / 16.05.2025
14 йиллик қамоқдан президентликкача. Хосе Мухика ким эди?
Жаҳон | 16:05 / 16.05.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Тошкентда бир қатор кўчалар вақтинча ёпилади
Ўзбекистон | 23:55 / 17.05.2025
-
«Кристал Пэлас» «Ман Сити»ни мағлуб этиб, Англия Кубогини қўлга киритди
Спорт | 23:01 / 17.05.2025
-
Исроил Ғазода янги, кенг кўламли ҳарбий операцияни бошлади
Жаҳон | 22:36 / 17.05.2025
-
Шифокор чангли ҳавода амал қилиш керак бўлган тавсияларни берди
Жамият | 22:23 / 17.05.2025
Мавзуга оид

21:30 / 17.05.2025
Трамп урушни тўхтатиш ҳақида Путин билан телефон орқали гаплашишини айтди

11:04 / 17.05.2025
Суд Трампнинг мигрантларни чиқариб юбориш режасини рад этди

20:00 / 16.05.2025
Трамп савдо битимларини тузишга улгурмаган давлатлар учун янги тарифларни эълон қилди

19:29 / 16.05.2025