Жаҳон | 10:07 / 23.01.2025
1729
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Трампнинг мудофаа қобилиятини кучайтириш ҳақидаги чақириғини қўллаб-қувватлади

Трамп Европани мудофаага жуда кам сарфлаётгани учун танқид қилишда ҳақли, деди Европа дипломатияси раҳбари Каллас. У европаликларни «уйғонишга» чақирди.

Кая Каллас Фото: Philipp von Ditfurth/dpa/picture alliance

АҚШнинг янги президенти Доналд Трамп европаликлардан мудофаа харажатларини оширишни талаб қилмоқда ва Европа Иттифоқининг нуфузли расмийларидан ёрдам олмоқда. Европа Иттифоқи олий вакили Кая Каллас ва Европа Иттифоқи кенгашига раислик қилаётган Полша бош вазири Доналд Туск 22 январ, чоршанба куни ўзларининг асосий нутқларида европаликларни ўз хавфсизлигига кўпроқ сармоя киритишга чақирди.

Трамп, агар европаликлар мудофаа харажатларини оширмаса, АҚШнинг НАТОнинг коллектив мудофаа тизимидаги иштирокини тўхтатиш билан таҳдид қилди. Бу ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизи миқдорида харажатларни талаб қилади, НАТОнинг ҳозирги мақсади эса 2 фоиз. Италия, Испания ва Белгия каби давлатлар бу паст кўрсаткичга ҳам етиб бормайди. Германия ўтган йили ўн йилликлар ичида биринчи марта 2 фоизлик кўрсаткичга эришди.

«Европаликлар уйғониши керак»

Кая Каллас Европа мудофаа агентлигининг йиллик конференциясида: «Президент Трамп тўғри айтди, биз етарли маблағ сарфламаяпмиз», деди. У Европа Иттифоқига аъзо давлатлар, хусусий сектор ва Европа Иттифоқи бюджетидан сармояларни кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.

«Европаликлар уйғониши керак», деди Каллас Европа Иттифоқининг 27 мамлакати ўртача ялпи ички маҳсулотининг атиги 1,9 фоизини мудофаа учун сарфлаётганини таъкидлаб. Унинг сўзларига кўра, бу Россия учун «хавфли сигнал» бўлиб, у мудофаага тўрт баравар кўп сармоя киритади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид