Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия регионларига 100 дан ортиқ дрон билан ҳужум уюштирилди
Учувчисиз учар қурилмалар Москвага ҳам учиб келган. Брянск ва Рязандаги заводлар ҳужумга йўлиққан.
24 январ кунига ўтар кечаси украин дронлари Россиянинг бир неча областига ёпирилма ҳужум уюштирди. РФ мудофаа вазирлиги 121 та дрон уриб туширилгани, улар Москва шаҳри ва Москва области, шунингдек аннексия қилинган Қрим ҳудудида ҳаракатлангани ҳақида хабар берган. Украина қуролли кучлари бош штаби Брянск ва Рязандаги заводларга муваффақиятли зарбалар берилганини маълум қилган.
Брянскда учувчисиз учар қурилмалар зарбаси оқибатида «Кремний» микроэлектроника заводи шикастланган, бу Россияда шу турдаги энг йирик корхоналардан бири ҳисобланади. Завод ҳарбий саноат эҳтиёжлари учун ҳам ишлаган, хусусан, бу ерда «Панцир» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳамда «Искандер» ракета комплекслари учун деталлар ишлаб чиқарилган.
«Махсус энергетика таъминоти объектларига зарар етказилди, технологик ишлаб чиқариш занжири бузилди. Корхона фаолияти тўхтатилди. Жабрланганлар йўқ», — дейилади «Группа Кремний ЭЛ» компанияси матбуот хизмати хабарида. Қайд этилишича, заводга олтита дрон ҳужум қилган. Ишлаб чиқариш жойи ва омборхона шикастланган. Бунгача ҳам уруш давомида завод бир неча бор дронлар ҳужумига учраганди.
Россиялик ҳарбийлар маълумотига кўра, айнан Брянск области тунда украин дронлари фаол ҳаракатланган ҳудуд бўлган — жами 37 та қурилма уриб туширилган. Baza телеграм-канали ёзишича, областнинг шу номли марказига ҳам олтита дрон учиб келган. Улардан бири Бошқарув ва бизнес институти биносига урилган. Ҳужумдан кейин бинода ёнғин чиққан (50 квадрат метрни қамраб олган), портлаш кучи фасадни шикастлаган ҳамда деразалар тўкилиб тушган. Дронлардан бирининг парчалари «Кремний» заводи жойлашган Қизил армия кўчасидаги Тергов қўмитаси биносини ҳам шикастлаган.
Украина қуролли кучлари бош штаби Брянск ва Рязандаги заводларга ҳужум қилинганини тасдиқлади. Хабарда айтилишича, Брянскдаги заводда «Топол-М», «Булава» ракета комлекслари, С-300 ва С-400 зенит ракета тизимлари, шунингдек жанговар самолётлар борти электроникаси учун микросхемалар ишлаб чиқарилган.
Россиялик ҳарбий мухбирларнинг телеграм-каналларида хабар қилинишича, Рязанск областидаги нефтни қайта ишловчи компания ҳамда унинг ёнидаги Ново-Рязанск ИЭСда ёнғин рўй берган. Astra нашри тарқалган кадрлар орқали ёнғин айнан шу жойларда рўй берганини тасдиқлаган.
Рязан области губернатори Павел Малков аввалига фақат хусусий уйлардан бирида дрон парчалари тушиши оқибатида ёнғин рўй берганини маълум қилганди. У телеграм-каналида регионга ҳужум қилган дронлар ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари орқали йўқ қилинганини ёзган. Кейинроқ у «парчалар тушиши оқибатида корхоналардан бирининг ҳудудида ёнғин чиққани»ни айтди, аммо бу айнан қаерда рўй берганига аниқлик киритмади. Тунда корхоналардан бири ҳудудида «парчалар тушиши оқибатлари бартараф этилгани» ҳақида Рязан области опергуруҳида хабар берилди, аммо постда тарқалган «рангли видеолар» — фейклиги айтилган, шу билан бирга, айнан қайси кадрлар ҳақида гап кетаётганига тўхтаб ўтилмаган.
Рязанда яшовчилардан бири РБК нашрига шаҳарнинг ўзида 20 дан ортиқ портлаш овозини эшитганини айтди.
РФ мудофаа вазирлигига кўра, Рязан областида жами 20 та дрон йўқ қилинган.
BBC Украина хизматининг Украина қуролли кучларидаги манбаси Рязан нефтни қайта ишлаш заводида дронлар ҳужуми оқибатида камида учта резервуар ёниб кетганини хабар қилган. «Дронлар зарбаси оқибатида юзага келган ёнғинлар дизел ёқилғиси ва авиация керосинини гидротозалаш қурилмаси жойлашган устахонани ҳам қамраб олган», — дея қўшимча қилган нашр манбаси.
Курск мэри Игор Куцак шаҳар осмонида дрон уриб туширилгани, парчалар қулаши натижасида тўртта уй зарар кўрганини ёзган. «Курск авария-диспетчерлик хизматига сўров тушган манзиллардан бирига бордим. Барча хизматлар воқеа жойида, жабрланганлар йўқ. Эрталаб шикастланган мулкни баҳолаш учун комиссия текшируви ўтказилади», — деб ёзади у.
Москва мэр Сергей Собянин Москва томон учган бир неча дрон уриб туширилганини хабар қилган: Троицкий маъмурий округи, Раменский, Коломна, Подолск ва Шчелково шаҳар округларида. Москва областидаги Сергиево-Посадский округидагилар ҳам дронлар ҳужуми қайтарилганини хабар қилган.
Ленинград области губернатори Александр Дрозденко Оредеж посёлкаси атрофида уч дрон уриб туширилганини маълум қилган.
Шунингдек, РФ мудофаа вазирлигига кўра, Курск области узра 17, Саратов областида 17, Ростов областида еттита, Белгород областида олтита, Воронеж областида учта, Тула, Орлов ва Липецк областларида иккитадан, аннексия қилинган Қрим ҳудудида битта дрон уриб туширилган.
Москвадаги «Внуково», «Домодедово» ва «Жуковский» аэропортларида, шунингдек Қозон, Нижнекамск, Пенза, Уфа, Самара ва Саратов аэропортларида вақтинчаликка парвозларга чекловлар ўрнатилган. Бир неча соатдан кейин чекловларнинг аксарияти бекор қилинган.
Бу 2025 йил бошидан буён иккинчи ёпирилма ҳужум бўлди: 14 январ куни Россия мудофаа вазирлиги 180 та дрон уриб туширилганини хабар қилганди.
Мавзуга оид
23:16 / 12.06.2026
Европа Иттифоқи Украина ва Молдова аъзолиги бўйича музокараларни бошлайди
17:21 / 12.06.2026
Россия–Украина урушида фронт чизиғи: ташаббус ким томонда?
16:47 / 10.06.2026
Украина «Фламинго» ракеталари билан Чебоксарга зарба берди
10:00 / 10.06.2026