Беларуснинг 30 йиллик президенти яна сайланди. Ғарб бу сайловни ҳам тан олмади
Беларусда кеча, 26 январ куни президент сайлови бўлиб ўтди. Ҳеч қандай рақобат ва сиёсий қарама-қаршилик, мухолифат иштирокисиз ўтган бу сайловда кутилганидек амалдаги раҳбар Александр Лукашенко ғалаба қозонди. Энди у 2030 йилгача бу лавозимда қолади.
7-муддатга қайта сайланган Лукашенко, расмий натижаларга кўра, сайловчиларнинг 86,82 фоиз овозини йиғган. Қолган номзодлар эса энг кўпи билан 3 фоиз овоз тўплаган. 3,6 фоиз сайловчи барча номзодларга қарши овоз берган. Давомат – қарийб 86 фоиз.
Либерал-демократик партия етакчиси Олег Гайдукевич 2,02 фоиз, тадбиркор ва ягона аёл номзод Анна Канопатская 1,86 фоиз, коммунистик партиядан Сергей Сиранков 3,21 фоиз, “Меҳнат ва адолат” партияси раиси Александр Хижняк эса 1,74 фоиз овоз йиғолган.
Лукашенко сайловда овоз берганидан кейин матбуот анжумани ўтказди ва ҳокимиятни топшириш учун ўзига ворис изламаётганини айтди. Республиканинг келажакдаги раҳбари аллақачон мавжуд кадрлар захирасидан шакллантирилганини қўшимча қилди.
Сайлов ғарблик кузатувчилар иштирокисиз ўтказилди. Бундан ташқари, бирор хорижий давлатда сайлов участкаси ташкил этилмади. Яъни Беларуснинг хорижда яшовчи фуқаролари деярли овоз беролмади, чунки улар овоз бериш учун Беларусга келиши талаб этилди. Европа Иттифоқи бу сайловни эркин ва демократик деб ҳисобламаслигини, Минскка қарши яна санкциялар жорий этишини билдирди.
АҚШ ва ЕИ сайловдан аввал ўз қарашини маълум қилиб бўлган. Беларусда мустақил матбуот фаолияти тақиқланган, мухолифат йўқ, президентга қарши фикрлилар қамоқда, қамоқхоналарда минглаб сиёсий маҳбуслар сақланмоқда, дейди Ғарб вакиллари.
Евроиттифоқнинг бош дипломати Кая Каллас Лукашенкони қонунийлиги йўқ, нолегитим президент деб атади.
Беларус халқи олдида танлов ҳуқуқи йўқ, бу кун демократия ва эркинликни орзу қилганлар учун аччиқ кун, деди Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок.
Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорски эса сайловчиларнинг “атиги 87,6 фоизи” Лукашенкони қўллаб-қувватлаганидан ҳайратда қолганини айтди. “Қолганлари-чи, қолганлар қамоқхоналарга сиғадими?” дея киноя қилди вазир.
70 ёшли Лукашенко 2020 йилдаги сайловдан кейин ўз бошқарувига қарши оммавий норозиликларни куч билан бостирганди. Мухолифат ва Ғарб Лукашенко бу сайловда овозларни сохталаштирганини айтган. Ўшанда қамоққа олинган минглаб сиёсий фаоллар ҳалиям қамоқхонада. Озодликда юрганлари эса давлатдан ташқарида.
Ғарб журналистлари Минск кўчаларида юриб, халқнинг ҳақиқий фикрини билишга ҳаракат қилган. Agence France Presse журналистлари Беларус фуқаролари билан гаплашаркан, улар қўрқув ортидан ҳам айнан Лукашенкони қўллаган деган қарорга келди. Чунки пойтахт аҳолиси исм-фамилиясини айтишдан бош тортган, президентни танқид қилишга журъат қилолмаган. Чекка қишлоқлар аҳолиси эса давлат раҳбарига ишонишини айтган.
Тhe Guardian нашри эълон қилган мақолада келишича, 42 ёшли қишлоқда яшовчи фермер 1 ой сут сотиб, зўрға 300 евро пул топади, лекин у Лукашенкодан рози. 1994 йилдан бери президент анча яхши ишлар қилди, дейди фермер. Алексей исмли бу одам урушни хоҳламаслигини айтади. Яъни Беларусни Украинадагидек урушдан Лукашенко асраб қолган деб ўйловчилар ҳам талайгина.
Юқорида айтилганидек, сайловда Беларуснинг хориждаги фуқаролари овоз беролмади. Аниқроғи, ким овоз бериш истагида бўлса, давлатга келиши сўралди. Kun.uz бу бўйича тушунтириш олиш учун Беларуснинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан боғланди. Дипломатик миссиянинг маълум қилишича, бунга чет элдаги дипломатик корпус вакиллари сони қисқаргани, бундан олдинги сайловларда бошқа давлатлар ҳудудларида етарлича хавфсизлик чоралари кўрилмагани сабаб бўлган. Биз билан гаплашган дипломатнинг айтишича, 2020 йилги сайловда хорижда яшовчи фуқароларнинг 1 фоизи ҳам овоз беришга чиқмаган.
Бу йилги хорижда сайлов участкаларини ташкил этмаслик бўйича қонуний асос 2023 йилда ёзиб қўйилганди. Аслида эса бугун хорижда яшовчи Беларус фуқаролари президентни ёқтирмаслиги, унга қарши кайфиятда экани сир эмас.
Халқаро кузатувчилар фикрига тўхталсак, албатта, ҳамма оғзидан бол томиб мақтаяпти, чунки фақат шунақалар чақирилган. Давлат нашрлари 2 кундан бери сайловлар ўта демократик руҳда ўтаётгани, қолган гаплар ёлғон эканини ёзиш билан банд. Масалан, “Беларус Сегодня” мақоласида келишича, 50 давлатдан 500 дан ортиқ кузатувчи гувоҳлигидаги сайлов ўта демократик ва кучли рақобат фонида ўтган. Беларусни эркин сайлов ўтказмасликда айблаш – қуруқ туҳмат, деб ёзади нашр.
Хитойдан келган кузатувчилар ҳам ҳаммаси ажойиб ўтгани, сайлов участкаларидаги комиссия аъзолари ишига ўта масъулият билан ёндашгани, сайловчиларга барча маълумотларни етказгани, эрта тонгдан овоз бериш участкалари одамга тўлалигини таъкидлаган.
Сайлов кунида ўтказилган матбуот анжуманида BBC журналисти Стив Розенберг қатор саволлари билан Лукашенкони ноқулай аҳволда қолдирган, лекин президент ҳам журналистнинг оғзини ёпган.
“Кўп сайловларни ёритганман, бош вазирлар, президентлар сайлов участкасида йиғилиб, овоз бергач журналистларнинг баъзи саволларига жавоб беришарди. Аммо Минскдаги сиз бўлган сайлов участкасидаги вазият биринчиси, бунақасини аввал кўрмаганман. Сизнинг рақибларингиз сизни мақтаяпти, улар сиз тараф”, деди журналист. Лукашенко эса унинг устидан кулгандек қилиб: “Ҳа, бу сен учун янги тажриба” дея жавоб берди.
Стив гапини давом эттирди: “Асосий рақибларингиз ёки қамоқда, ёки сургунда. Қандай қилиб бу сайловни демократик деб атайсиз?”
“Ҳа, баъзилари қамоқда, баъзилари сургунда. Лекин сиз шу ердасиз, – жавоб қайтарди президент. – Ҳар ким танлаш ҳуқуқига эга, бу демократия. Кимдир қамоқни танлайди, кимдир сургунни. Биз ҳеч қачон уларни мажбурламаганмиз”.
BBC журналисти Лукашенконинг яқинда айтган одамларнинг оғзини ёпмаслик кераклиги ҳақидаги гапини эслатди. Президент эса: “Қамоқ катта, қонунни бузганлар кираверади. Қамоқхоналар Европа ёки Америкада йўқми? Ҳар қандай давлатда қонун бузилса, унинг оқибатларини ўша одам кўтариши керак”, дея жавоб берган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилдаги сайловдан кейин Беларусни оммавий намойишлар қамраб олган, Лукашенко эса қўлида автомат кўтариб, Россия ёрдамида куч билан бостирганди. Бу лавозимга келганига 31 йил бўлган Лукашенко 2030 йилгача яна президент бўладиган бўлди. Ҳамкасблари уни ғалабаси билан табрикламоқда.
Шоҳрух Мажидов тайёрлади.
Тавсия этамиз
Тошкентда энди автомобилни онлайн рўйхатдан ўтказиш мумкин
Ўзбекистон | 20:34 / 24.04.2025
Божхонадаги чекловлар: фуқаро божни тўлай олмаса, нима бўлади?
Ўзбекистон | 22:43 / 23.04.2025
Лондонда тинчлик музокаралари барбод бўлди
Жаҳон | 21:29 / 23.04.2025
Хитой Ойда АЭС қуриш режасини тасдиқлади
Жаҳон | 17:06 / 23.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Афғонистон «Ҳайратон – Мозори Шариф» темирйўли бўйича Ўзбекистон билан шартномани узайтирди
Ўзбекистон | 12:35
-
Байрам тугади, энди жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш керак – Эрматов ўсмирларни акаларининг хатоларини такрорламасликка чақирди
Спорт | 12:23
-
Ҳафта охирида айрим жойларда ҳарорат +39 даражагача кўтарилади
Ўзбекистон | 12:22
-
Туркия текстил компанияси 700 млн долларлик суд ишида Ўзбекистонга ютқазди
Ўзбекистон | 12:15
Мавзуга оид

23:52 / 09.04.2025
Эстония президенти Россия ва Беларус фуқароларининг маҳаллий сайловларда овоз беришини тақиқловчи қонунни тасдиқлади

11:35 / 09.04.2025
Ўзбекистонда Беларус давлат университети филиали очилади

22:54 / 26.03.2025
Беларус санкцияларни четлаб ўтиб, Гамбиядан учта Airbus самолётини сотиб олди

18:00 / 25.03.2025