Ўзбекистон | 11:35 / 09.04.2025
1400
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Беларус давлат университети филиали очилади

Ўзбекистон элчиси Раҳматулла Назаров Беларус таълим вазири Андрей Иванец билан учрашув ўтказди.

Фото: "Дунё" АА

Музокаралар чоғида Беларус президентининг 2024 йил 7-9 феврал кунлари Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи давомида мактабгача ва мактаб таълими соҳасида эришилган икки томонлама келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Андрей Иванец Беларус Таълим вазирлиги ва Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ўртасида имзоланган "Йўл харитаси"ни ҳамда Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан эришилган Ҳамкорлик дастури бандларини батафсил муҳокама қилишни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, томонлар Ўзбекистонда 2024 йил сентябр ойида ўз фаолиятини бошлаши керак бўлган П.М.Машеров номидаги Витебск давлат университети таълим муассасаси филиалини очиш бўйича музокаралар жараёнини давом эттириш ва якунлаш таклифини қўллаб-қувватладилар.

Биринчи Ўзбекистон-Беларусь профессионал таълим форуми якунлари бўйича мамлакат 14 та ҳудудида касб-ҳунарга ўқитиш марказларини ташкил этишда услубий ёрдам кўрсатиш бўйича эришилган келишувларга тўхталар экан, Андрей Иванец Беларус томонида ушбу соҳада катта тажриба борлигини таъкидлади ва уларнинг ўзбек томони билан ўртоқлашишга тайёрлигини билдирди.

Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Беларуснинг "ЭкоТехноПарк-Волма Ресурс маркази" тажрибасини қўллаган ҳолда Бухоро нефт ва газ саноати коллежи негизида энергия самарадорлиги ва қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги ваколатлар марказини ташкил этиш масаласи устида ишлаяпти. Ушбу биринчи пилот марказ жорий йилда очилиши режалаштирилган.

Музокаралар чоғида, шунингдек, Ўзбекистонда талаб юқори бўлган йўналишларда "2+2" шаклидаги қўшма таълим дастурларини амалга ошириш истиқболлари хусусида ҳам фикр алмашилди.

Мавзуга оид