Иқтисодиёт | 13:04 / 27.01.2025
854
2 дақиқада ўқилади

Миср Ўзбекистонда фармацевтика соҳасида қўшма лойиҳани амалга ошириш имконини ўрганмоқда

Мамлакат элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги мутасаддилари ва Мисрнинг ACDIMA фармацевтика компаниялар гуруҳи раҳбари Улфат Ғураб ҳамда мазкур гуруҳ таркибидаги корхоналар раҳбарлари ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди.

Фото: "Дунё" АА

Мулоқот чоғида мазкур компания делегациясининг 2024 йил 23-25 декабр кунлари Ўзбекистонга қилган сафари натижалари, ўзбек томони билан эришилган келишувларнинг амалий ижроси муҳокама қилинди. Шунингдек, компания дори воситалари ва маҳсулотларини мамлакатда рўйхатдан ўтказиш, фармацевтика бозорига кириш, бизнес фаолиятини бошлаш билан боғлиқ ҳуқуқий-ташкилий масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Миср томони Ўзбекистон фармацевтика бозорини таҳлил қилиш натижаларига кўра, ҳар йили мамлакатга қиймати 1 миллиард долларлик 55 турдаги дори воситалари импорт қилинишини маълум қилди.

Мазкур дориларнинг аксарияти ACDIMA компаниялар гуруҳи томонидан Мисрда ишлаб чиқарилиши, уларнинг нархлари эса бошқа хорижий фармацевтика корхоналари нархларидан анча арзонлиги ва сифатли эканлиги қайд этилди. Шу ўринда, Миср компанияси билан фармацевтика соҳасида қўшма лойиҳани амалга ошириш орқали ушбу турдаги дори-воситалари нархини сезиларли даражада арзонлаштириш мумкинлиги таъкидланди.

Икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари ва компания маҳсулотларини рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш мақсадида компания ишчи гуруҳининг жорий йил 10-15 феврал кунлари Ўзбекистонга сафарини ташкил қилиш тўғрисида келишиб олинди.

Мавзуга оид