Жаҳон | 15:38 / 28.01.2025
2180
2 дақиқада ўқилади

Германия 43 000 дан ортиқ кишига чегарада давлатга киришга рухсат бермади

2023 йил октябр ойида чегара назорати жорий этилганидан бери Германия Ички ишлар вазирлиги 43 500 та кириш ҳолати бўйича рад жавоби берилганини қайд этган. 2024 йилда ноқонуний миграция учдан бир қисмга камайди.

Фото: Maja Hitij / Getty Images

Германия Ички ишлар вазирлигига кўра, мамлакат чегараларида полиция текширувлари қайтганидан кейин ўн минглаб одамларнинг Германияга киришига тўсиқ пайдо бўлди. Назорат 2023 йил октябр ойида жорий этилганидан бери – аввалига тўртта давлат билан чегараларда ва 2024 йилнинг кузидан бошлаб Германиянинг барча чегараларида – 43,5 минг кишига киришга рухсат берилмаган, деди департамент вакили 27 январ, душанба куни Берлинда журналистларга.

«Бу ноқонуний киришлар катта қисмининг рад этиш орқали олди олинганлигини англатади», — дея унинг сўзларини келтиради Reuters. Ички ишлар вазирлиги вакилининг таъкидлашича, «мунозараларда кўпинча бунга эътибор берилмайди». Бироқ, федерал ҳукумат нуқтайи назаридан, «бутунлай тартибсиз» чиқариб юбориш мумкин эмас.

ИИВ Германияда мигрантлар туфайли ФҲ жорий этилишига ҳеч қандай сабаб кўрмаяпти

Унинг сўзларига кўра, Германия ҳукумати ноқонуний муҳожирлар оқими туфайли мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилиш учун асос кўрмаяпти. Бундестагдаги Христиан-демократик иттифоқ/Христиан-социал иттифоқ (ХДИ/ХСИ) бу ташаббус билан чиқди. Фавқулодда вазият Германия ҳукуматига чегара назорати соҳасидаги Европа қонунчилигини четлаб ўтиш учун чекловчи чоралар кўришга имкон беради.

Вазирлик вакилининг таъкидлашича, Германия аллақачон барча ички чегараларда назорат билан кенг кўламли чоралар кўрмоқда. «Бу ҳақиқатан ҳам Шенген қоидаларидан истисно», деди у. «Бу мутлақо ўзини оқлади, чунки бу бизга чегарани ноқонуний кесиб ўтишга қарши самарали курашиш ва ноқонуний миграцияни самарали чеклаш имконини беради».

Германия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2024 йилда бошпана сўрови бўйича ўтган йилга нисбатан 111 мингга кам ариза топширилган. Бу «ноқонуний миграциянинг 34 фоизга қисқариши», деди агентлик вакили. Шу билан бирга, мамлакатдан депортация қилинганлар сони ортди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид