Ўзбекистон | 17:28 / 29.01.2025
2629
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон ва Қирғизистонда олиб келинган наркотик моддалар савдосига чек қўйилди

Хусусан, Тошкент—Наманган йўналишида ҳаракатланаётган Damas русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилганда унинг салон қисмига яшириб қўйилган 2 кг 436 гр гашиш моддаси аниқланган.

Фото: Видеодан кадр

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида Ўзбекистон ҳудудига қўшни давлатлардан олиб келинган қарийб 8 килограмм наркотик моддалар савдосига чек қўйилди.

Хусусан, Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи фуқаро ва унинг Термиз шаҳрида истиқомат қилувчи жиноий шериги 3 килограмм 849 грамм опий моддасини Самарқанд вилоятига сотиш мақсадида олиб келган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, ушбу гиёҳвандлик воситаси муқаддам тожикистонлик наркокурер томонидан Денов тумани ҳудудига контрабанда йўли билан етказиб берилган.

Наманган вилоятининг Поп туманида ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент—Наманган йўналишида ҳаракатланаётган, Чуст туманида яшовчи шахс бошқарувидаги Damas русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Натижада унинг салон қисмига яшириб қўйилган 2 килограмм 436 грамм гашиш моддаси аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Маълум бўлишича, у муқаддам тожикистонлик наркокурерлар томонидан айланма йўллар орқали Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ҳудудига олиб келиниб, хуфия жойга қолдириб кетилган ушбу гиёҳвандлик воситасини олиб қайтаётган бўлган.

Бошқа ҳолатда эса Наманган—Андижон йўналишида ҳаракатланган Cobalt русумли автомашина Андижон шаҳрида тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган Қирғизистон фуқароси, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахсга тегишли 1 килограмм 702 грамм гашиш моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Терговга қадар текширув давомида у Қирғизистондан контрабанда йўли билан Наманган вилоятига олиб келган ушбу наркотик моддани Андижон шаҳрида сотишни режалаштиргани маълум бўлган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Мавзуга оид