Ўзбекистон | 08:31
1447
2 дақиқада ўқилади

Чилонзорда халқаро наркотик транзитига чек қўйилди

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида Таиланддан Қозоғистонга олиб ўтилиши режалаштирилган тахминан 11 килограмм гашиш мойи мусодара қилинди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Республика бўйлаб ўтказилаётган «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирларининг иккинчи босқичи доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ва божхона органлари ҳамкорлигида пойтахтнинг Чилонзор туманида йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Тезкор тадбир давомида 2004 йилда туғилган Қозоғистон фуқаросининг спорт сумкаси белгиланган тартибда текширилганда, унинг ичида ширинликлар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ниқоби остида яширилган, тахминан 11 килограмм гашиш мойи борлиги аниқланди. Наркотик модда ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Дастлабки маълумотларга кўра, мазкур наркотик воситаси Таиланддан олиб келинган бўлиб, уни Қозоғистонга етказиб бериш режалаштирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Давлат хавфсизлик хизмати фуқаролардан гиёҳвандлик воситалари муомаласи билан боғлиқ ёки бошқа қонунбузилиш ҳолатларига дуч келган тақдирда, ДХХнинг 1520 қисқа рақами орқали хабар беришни сўради. Мурожаат қилувчиларнинг шахси сир сақланиши кафолатланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид