Жаҳон | 17:21 / 31.01.2025
4701
3 дақиқада ўқилади

2025 йилда Россияни 1 млн мигрант тарк этиши мумкин

Миграция соҳасидаги мутахассис Россия иш берувчиларидан мигрантлар маошини ошириш ва шароитларни яхшилашни сўради.

Фото: РИА Новости

Мигрантларни сақлаб қолиши мумкин бўлган асосий омиллардан бири бу иш ҳақини оширишдир. Кўпгина чет эллик ишчилар 1500 доллар атрофида маош олишни кутади. Агар бу амалга ошмаса, баъзи мигрантлар бошқа мамлакатларда қулайроқ иш шароитларини излаб, Россияни этишга қарор қилиши эҳтимоли бор. Бу ҳақда Россиянинг «Мигрант Сервис» платформаси директори Андрей Кладов гапирди.

«Россия учун бу меҳнат бозорида, айниқса чет эл ишчиларига жуда боғлиқ бўлган тармоқларда қўшимча қийинчиликлар келтириб чиқариши мумкин. Иш берувчилар таклиф этилаётган шартларнинг рақобатбардошлигига эътибор қаратишлари ва меҳнат мигрантларининг қизиқишларини сақлаб қолиш ва келажакда юзага келиши мумкин бўлган кадрлар тақчиллигининг олдини олиш учун уларнинг умидларини ҳисобга олиши керак», деб тушунтирди у.

Унинг сўзларига кўра, агар меҳнат мигрантларининг ҳозирги меҳнат шароитлари ва иш ҳақи даражаси ёмонлашиб, рақобатбардош бўлмаса, 2025 йилда мамлакат ишчи кучининг хорижга катта оқими билан дуч келиши мумкин.

«2024 йилда «Мигрант Сервис» таҳлилчиларига кўра, Россияни 1 миллионга яқин мигрант, асосан, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон каби давлатлар фуқаролари тарк этди. 2025 йилда бу тенденция давом этиши ва фаразга кўра, яна 1 миллионга яқин меҳнат мигранти хорижда янада жозибадор меҳнат шароитларини излаб Россияни тарк этиши мумкин. Бу иқтисодиётнинг кўплаб тармоқларига, айниқса мигрантлар меҳнатига таянадиган соҳаларга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. Шу билан бирга, депортациялар давом этиши мумкин: 2024 йилда Россиядан 80 мингдан ортиқ мигрант депортация қилинди», деди эксперт.

Бундай катта ишчи кучининг эҳтимолий йўқолиши иш берувчилар ва ҳукуматлардан ушбу ишчиларни сақлаб қолиш стратегиясини ишлаб чиқишни талаб қилади. Асосий эътибор иш ҳақини ошириш, меҳнат шароитларини яхшилаш ва мигрантлар учун янада қулай интеграция муҳитини яратишга қаратилиши керак. Бу меҳнат бозорида барқарорликни сақлашга ва миграция оқими натижасида юзага келиши мумкин бўлган иқтисодий номутаносибликларнинг олдини олишга ёрдам беради, деди Кладов.

«2024 йилда МДҲ давлатларидан келганлар сони 16,1 фоизга ёки 59,1 минг кишига, Россиядан ушбу мамлакатларга эмиграция 18,6 фоизга қисқарди, бу эса 52,5 минг кишини ташкил этди. Миграция ўсишининг пасайишига Тожикистон билан аҳоли алмашинувининг қисқариши асосий ҳисса қўшган: 2023 йил январ-сентябр ойларида ўсиш деярли 62,3 минг кишини ташкил этган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 37,8 минг кишига камайган. МДҲ барча давлатлари орасида Ўзбекистон ва Қирғизистон билан аҳоли алмашинуви айниқса сезиларли даражада ошди ва улар биргаликда ушбу мамлакатлардан миграция ўсишининг 40 фоиздан ортиғини ташкил этмоқда», деб хулоса қилди у.

Мавзуга оид