Ўзбекистон | 09:43 / 31.01.2025
19124
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада “Гаи” ходими жарима майдонига олиб кетаётган BYD вояга етмаган бола бошқарувидаги Damas билан тўқнашди

ЙТҲ оқибатида Damas’ни бошқарган 2007 йилда туғилган ўсмир шифохонада вафот этган. ЙПХ инспектори BYD’ни аҳоли яшаш пунктида юқори тезликда бошқарган. Бош прокуратура ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини билдирди.

Фото: видеодан кадр

Олтиариқ туманида инсон ўлими билан боғлиқ ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ЙТҲ 30 январ куни содир бўлган. Ўтказилаётган рейд тадбири давомида 2004 йилда туғилган фуқаро М.Ғ. амакиси Ё.Ғ.га тегишли BYD Song машинасини тегишли ҳужжатларсиз бошқарганлиги аниқланган. Ҳолат юзасидан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ЙПХ инспектори Р.Қ. машинани жарима майдончасига олиб кетаётганда 2007 йилда туғилган вояга етмаган Х.Н. бошқарувидаги Damas билан тўқнашган. Damas машинаси боланинг устози А.С.га тегишли бўлган.

Ўсмир Damas’ни иккинчи даражали йўлдан асосий йўлга ҳайдаб чиққан. Асосий йўлдан келаётган BYD Song эса Damas’га келиб урилган.

ЙТҲ оқибатида Damas ҳайдовчиси Х.Н. тан жароҳати олиб, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан шифохонада вафот этган.

Ижтимоий тармоқларда BYD Song камерасига ёзилиб қолган ЙТҲ видеоси тарқалди. Унда кўринишича, ЙПХ инспектори машинани аҳоли яшаш пунктида 87 км/соат тезликда бошқарган.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг билдиришича, ЙТҲ юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид