Тожикистон ҳудудидан Ўзбекистонга олиб ўтилган 111 кг наркотик моддалар аниқланди
Ушбу наркотик моддалар Самарқанд ва Тошкент вилоятларида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида мусодара қилинган.

Фото: Видеодан кадр
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда жами 111 килограмм наркотик модда мусодара қилинди.
Қайд этилишича, Самарқанд вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Тожикистоннинг Сўғд вилояти Панжикент туманидан айланма йўллар орқали 10 килограмм 894 грамм опий моддасини Ургут тумани ҳудудига олиб келган Тожикистон фуқаролари — 1980, 1982, 1989 йилларда туғилган уч нафар ака-ука қўлга олинган.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, уларнинг жиноий шериги бўлган, Ургут туманида истиқомат қилувчи 43 ёшли аёл ҳам ушланиб, унинг яшаш хонадонида сақланаётган 13 килограмм 85 грамм опий моддаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Бошқа ҳолатда эса ўзбек—тожик давлат чегарасининг Тошкент вилояти Бекобод тумани, Турон МФЙ ҳудудидан ўтувчи қисмида олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари давомида, Тожикистоннинг Сўғд вилояти Мастчох туманидан Бекобод туманига оқиб ўтувчи Далварзин канали орқали оқизиб юборилган уч дона елим идишдаги жами 8 килограмм 381 грамм опий ва 59 килограмм 296 грамм гашиш моддалари борлиги аниқланган.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу гиёҳвандлик воситаларини қабул қилиб олиш мақсадида чегара ҳудудига келган вақтларида Бекобод шаҳри ва туманида истиқомат қилувчи 1985, 1989, 1996 ва 1997 йилларда туғилган тўрт нафар фуқаро қўлга олинган. Таъкидланишича, улардан икки нафари муқаддам судланган шахслар ҳисобланади.
Бекобод туманида қайд этилган яна бир ҳолатда, ўзбек—тожик давлат чегарасидан тахминан 400-500 метр узоқликдаги дала майдонида муқаддам номаълум шахслар томонидан қолдириб кетилган 1 дона спорт сумкаси ичида 3 килограмм 942 грамм опий ва 15 килограмм 473 грамм гашиш моддалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Ҳозирда аниқланган ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Мавзуга оид

13:26 / 25.02.2025
Тожикистон ва Қирғизистондан олиб келинган 48 килограммдан ортиқ наркотик мусодара қилинди

19:42 / 21.02.2025
Қирғизистон ва Тожикистон умумий чегарани делимитация қилиш бўйича келишувга эришди

16:00 / 13.02.2025
Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида иттифоқчилик муносабатлари расман ўрнатилди

10:20 / 08.02.2025