Жамият | 22:11
744
1 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги хонадонлардан бирида 20 килодан ортиқ наркотик моддалар топилди

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида катта миқдордаги гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Фото: ДХХ / Видеодан кадрлар

Хусусан, Сурхондарё вилоятида туғилган фуқаронинг Тошкент шаҳридаги вақтинча яшаш хонадони кўздан кечирилганда 13 кг 50 гр «опий» ва 7 кг 137 гр «гашиш» моддалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Тергов ҳаракатлари доирасида унинг жиноий шериклари ҳамда наркотик моддаларнинг келиб чиқиш манбаларини аниқлаш бўйича тегишли тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ва пойтахт ИИББ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда виртуал наркоканал ташкил қилган икки нафар фуқаро ушланиб, улардан «гашиш» ва «гашиш мойи» олинди.

Мазкур шахсларнинг бири Жиноят кодексининг қатор моддалари билан муқаддам судланган бўлса, иккинчиси эса жорий йилнинг апрел ойида гиёҳвандлик воситалари билан ушланиб, ҳозирда гумондор сифатида терговга жалб этилган бўлган.

Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Дилшодбек Асқаров
Тайёрлаган Дилшодбек Асқаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид