Жаҳон | 16:27 / 06.02.2025
2648
3 дақиқада ўқилади

Трампнинг Ғазо сектори бўйича режаси дунё давлатларида танқид қилинди

Берлин Трампнинг Ғазо секторини назоратга олиш таклифини мутлақо номақбул деб атади. Хитой ва Туркия ҳам бунга қарши чиқди.

Фото: AP

АҚШ президенти Доналд Трампнинг Ғазо секторидан фаластинликларни кўчириш ва қирғоқ чизиғини Америка назорати остига олиш таклифи кўплаб мамлакатларда танқид қилинди. Хусусан, у Германия Бундестагидаги ҳукмрон коалиция ва мухолифат томонидан танқид қилинди. 5 феврал, чоршанба куни Германия Социал-демократик партияси (ГСДП)нинг ташқи сиёсат бўйича эксперти Нилс Шмиднинг айтишича, Трампнинг Ғазо сектори ҳақидаги ғоясини «мутлақо қабул қилиб бўлмайди».

Бундай ҳаракат «халқаро ҳуқуқни қўпол равишда бузиш ва икки миллион фаластинликни ўз ватанидан маҳрум қилишдир», деди у Reuters агентлигига. Социал-демократ Исроилнинг хавфсизлиги ҳамда фаластинликларнинг эркинлик ва қадр-қимматда яшаш ҳуқуқи фақат икки давлатнинг тинч-тотув яшаши асосидаги можарони ҳал қилиш орқали кафолатланиши мумкинлигини таъкидлади. «Биз европаликлар, араб дунёсидаги ҳамкорларимиз билан биргаликда ушбу тамойилга амал қилишимиз керак», — дея қўшимча қилди у ҳамда Германия, Франция, Иордания ва Миср ташқи ишлар вазирларининг учрашувини ўтказишга чақирди.

Ўз навбатида, Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ) ва Христиан-социал иттифоқ (ХСИ) мухолифатдаги фракцияси раиси ўринбосари Йоханн Вадефул «Трампнинг Яқин Шарқ сиёсатидаги кутилаётган бузғунчи унсурлар» ҳақида гапирди. У АҚШнинг Ғазо сектори келажаги ва уни қайта қуриш учун жавобгарликни ўз зиммасига олиш мажбуриятини олқишлади. Шу билан бирга, можарони халқаро ҳуқуқ асосида ҳал этишнинг ҳақиқий сиёсий ечимига эришиш муҳим, деди у.

Хитой ва Туркия ҳукумати Трампнинг таклифини рад этди

Айни пайтда, Хитой Ғазо секторидан фаластинликларни мажбуран кўчиришга қарши чиқди. Пекиндаги Ташқи ишлар вазирлиги Ғазодаги ўт очишни тўхтатишдан «Фаластин масаласини тўғри йўлга қўйиш» ва икки давлат ўртасида тинч-тотув яшаш асосида можарони ҳал қилиш учун имконият сифатида фойдаланилишига умид билдирди.

Туркия ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан Трампнинг АҚШнинг Ғазо сектори устидан назорат қилиш ҳақидаги таклифини «қабул қилиб бўлмас» деб атади. Яқин Шарқдаги можаро уни ҳал қилиш режаларида фаластинликларнинг манфаатлари ҳисобга олинмаса, фақат кескинлашади, деди у Anadolu агентлигига.

Мавзуга оид