Жаҳон | 11:53 / 11.02.2025
2237
2 дақиқада ўқилади

Сингапурда ҳарбий денгиз дронлари навбатчилик қилишни бошлади

Дронлар 36 соат давомида тўлиқ автоном тарзда суза олади.

Фото: www.janes.com

Сингапур ҳарбий-денгиз кучлари MARSEC дастури доирасида ишлаб чиқилган дронлардан фойдаланишни бошлади, деб хабар бермоқда мамлакат ҳукумати.

Дастур Сингапурнинг соҳил ҳудудида хавфсизлик ҳолатини яхшилашга ҳамда мамлакат Ҳарбий-денгиз кучларининг инсон ресурсларига бўлган эҳтиёжини камайтиришга қаратилган. Худди шундай вазифани бажарадиган Independence типидаги кемалар аллақачон хизматга чиқарилган, аммо уларга 23 кишигача экипаж керак бўлади. MARSEC кемалари эса тўлиқ автоном тарзда ҳаракатланиб, фақатгина денгиз алоқа йўлларидаги хавфсизликни таъминлаш штабидан туриб назорат қилинади.

Дрон корпуслари Тайваннинг Lung Teh кемасозлик компанияси томонидан лойиҳалаштирилган. Якуний йиғиш ва барча электрон тизимлар билан жиҳозлаш ишлари Сингапурдаги ST Engineering Electronics компаниясида амалга оширилди. Кема тизимларини ишлаб чиқиш Сингапур ҳукуматининг Мудофаа фанлари ва технологиялари агентлиги ҳамда Мудофаа фанини ташкил этиш миллий лабораторияси томонидан олиб борилди.

Кема тўқнашув сенсори, лазер масофа ўлчагичи ва стереодатчиклар билан жиҳозланган бўлиб, улардан олинган маълумотлар сунъий интеллектга асосланган тизим томонидан қайта ишланади. Сингапур ҳарбий ходимларининг маълум қилишича, тизим симуляторда 12 миллион виртуал километр масофани босиб ўтган, сўнгра ҳақиқий денгиз трафиги шароитида 1000 соат давомида денгизда синовдан ўтказилган.

Кеманинг узунлиги 16,9 метр, кенглиги 5,2 метр. Унинг асосий қуроли эса 12,7 миллиметр калибрли пулемёт ўрнатилган минора бўлиб, у масофадан бошқарилади. Кема тезлиги 25 узелга (46,3 км) етади, мустақил сузиш муддати эса 36 соатни ташкил этади. Ҳозирча Сингапур ҳарбий-денгиз кучлари бешта MARSEC кемасидан фойдаланишни режалаштирмоқда.

Мавзуга оид