АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо уруши Ўзбекистонга қандай таъсир қилади?
Трамп 2018 йилда Хитой товарларига божлар киритгани сабаб 2019 йилда Ўзбекистоннинг Хитойга экспорти 22 фоизга камайган, Хитойдан импорт эса 34 фоизга ошган эди, дея маълум қилди Ўзбекистон Марказий банки расмийси. Шу билан бирга, Америка сиёсатидаги ўзгаришлар фонида олтин нархининг қимматлашиши Ўзбекистоннинг умумий экспорти ошишига хизмат қилади.

Фото: Kun.uz
12 феврал куни Марказий банкда “Ўзбекистон тўлов баланси, халқаро инвестициявий мавқейи ва ташқи қарзи ҳамда валюта алмашув курсига оид масалалар” мавзусида медиамулоқот бўлиб ўтди.
Тадбирда иштирок этган Марказий банк Валютани тартибга солиш ва тўлов баланси департаменти директори Отабек Тожиддиновнинг маълум қилишича, 2025 йилда Ўзбекистоннинг экспорти 9-10 фоиз атрофида ўсиши прогноз қилиняпти.
Тадбирда Kun.uz мухбири АҚШ ва Хитой ўртасида бошланган савдо урушининг янги даври Ўзбекистон ташқи савдосига қандай таъсир қилиши ҳақидаги савол билан расмийларга юзланди.
Отабек Тожиддиновнинг айтишича, 2018 йилда (Трампнинг биринчи президентлик муддатида) АҚШда Хитой товарларига тўсиқлар киритилиши 2019 йилда Ўзбекистондан Хитойга экспорт ҳажмининг 22 фоизга қисқаришига, импорт ҳажмининг эса 34 фоизга ошишига олиб келган.
“Бу Ўзбекистонга ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Хитой бизнинг асосий савдо ҳамкоримиз. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йилда Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида Хитойнинг улуши 18,9 фоизни ташкил қилган. Шу жиҳатдан, экспортда камайиш, импортда эса ўсиш вужудга келиши мумкин. Трампнинг бундай хатти-ҳаракати илк марта содир бўлмаяпти. Биринчи муддатга сайланган пайти ҳам, 2018 йилда чекловлар киритганди. Натижада 2019 йилда Ўзбекистондан Хитойга экспорт ҳажми 22 фоизга қисқарган бўлса, импорт ҳажми 34 фоизга ошганди. Бундан кўриниб турибдики, Хитой Қўшма Штатларга экспортининг қисқаришини бошқа муқобил бозорлар ҳисобига қоплашга ҳаракат қилади. Бундай бозорлардан бири – Ўзбекистон.
Ўз навбатида, Марказий Осиё мамлакатлари орқали Хитой экспортининг ошиши ушбу ҳудудлардаги транспорт ва логистика коридорларидан кенг фойдаланишга йўл очади. Натижада хизматлар экспортимиз ошади.
Айни пайтда АҚШда Хитой маҳсулотлари учун 10 фоизлик тарифларнинг киритилиши Ўзбекистонга қандай таъсир қилиши бўйича аниқ ҳисоб-китобларимиз йўқ. Бу жараённи узоқроқ муддат, ҳеч бўлмаганда бир чорак кузатиб борсак, кейин рақамларни келтирсак бўлади”, деди МБ расмийси.
Марказий банк Пул-кредит сиёсати департаменти директори Самиғжон Иноғомовга кўра, Америка сиёсатидаги кескин ўзгаришлар фонида Ўзбекистоннинг асосий экспорт товари бўлган олтин нархи қимматлашиб боряпти.
“Жорий йилда Ўзбекистон экспортининг 9-10 фоизга ўсиши ҳақидаги рақам – консерватив прогноз. 2024 йилнинг якуни бўйича умумий экспорт 8,4 фоизга ошган. Агар олтинсиз экспортнинг ўзини оладиган бўлсак, бу кўрсаткич – 16,6 фоиз. Айтмоқчи бўлганим, 9-10 фоиз жуда ҳам юқори қўйилган прогноз эмас.
Америка сиёсатидаги кескин ўзгаришлар олтин баҳосининг ошишини қўллаб-қувватлаяпти. Нархлар деярли 3000 долларгача кўтарилди. Бу эса бизнинг энг асосий экспорт товаримиз бўлган қимматбаҳо металл экспорти учун аҳамиятли.
Бундан ташқари, яшил энергетиканинг кўлами ҳам бутун дунёда кенгайиб боряпти. Масалан, Хитой бу борада жуда катта ишларни амалга оширяпти. Бу эса биринчи навбатда мисга бўлган талабни рағбатлантиради. Ўзбекистон эса мис экспорти бўйича энг йирик экспортёрлардан бири ҳисобланади. Ёшлик кони янги қисмларининг ишга туширилиши ҳам белгиланган. Бу ҳам мис экспортини кўпайтиришга ёрдам беради.
Россияга қўлланаётган санкциялар Ўзбекистондан юбориладиган озиқ-овқат маҳсулотларига талабни оширяпти. Шуларни инобатга олиб, экспорт ҳажмининг ўсиши 9-10 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилиняпти”, деди Самиғжон Иноғомов.
Хитойга экспорт қисқариб боряпти
Статистика агентлиги ҳисоботига кўра, 2024 йилда Ўзбекистоннинг Хитойга экспорти 2 млрд долларни, импорт ҳажми эса 10,4 млрд долларни ташкил этган. Охирги йилларда Хитойга экспорт ҳажми қуйидагича бўлган:
- 2021 йил – 2 млрд 518,8 млн доллар;
- 2022 йил – 2 млрд 632 млн доллар;
- 2023 йил – 2 млрд 486,6 млн доллар;
- 2024 йил – 2 млрд 54,9 млн доллар.
Хитойдан импорт қилиш кўрсаткичлари қуйидагича ўзгарган:
- 2021 йил – 4 млрд 922,1 млн доллар;
- 2022 йил – 6 млрд 427,7 млн доллар;
- 2023 йил – 11 млрд 339,1 млн доллар;
- 2024 йил – 10 млрд 431,8 млн доллар.
2021-2024 йиллар оралиғида Ўзбекистоннинг Хитойга экспорти 18,4 фоизга камайган бўлса, импорт ҳажми 2,1 баробарга ўсган.
Тавсия этамиз
Magic City'нинг эгаси яна ўзгаради
Ўзбекистон | 21:22 / 17.03.2025
«Балки уддалармиз, балки йўқ». Трамп эртага Путин билан гаплашишга ваъда берди
Жаҳон | 20:36 / 17.03.2025
Эммануэл Макрон Европага «ядровий қалқон» таклиф этди
Жаҳон | 12:00 / 16.03.2025
АҚШ 43 давлат, жумладан Россия ва Беларус фуқароларининг киришини чеклаши мумкин
Жаҳон | 17:13 / 15.03.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Трамп Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат икки соатдан ортиқ давом этди
Жаҳон | 22:06
-
Хитой урушдан кейин Украинани тиклашга ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди
Жаҳон | 22:02
-
Латвия Россия ва Беларус чегарасидаги учта назорат-ўтказиш пунктини пиёдалар учун ёпди
Жаҳон | 21:42
-
Хитойда туғилиш даражасини ошириш мақсадида оилаларга катта миқдорда пул мукофотлари таклиф қилинмоқда
Жаҳон | 21:40
Мавзуга оид

22:02
Хитой урушдан кейин Украинани тиклашга ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди

21:40
Хитойда туғилиш даражасини ошириш мақсадида оилаларга катта миқдорда пул мукофотлари таклиф қилинмоқда

14:13 / 17.03.2025
Табиий газдан гўштгача – 86 турдаги товарларга экспорт божи жорий этилди

09:51 / 17.03.2025