Жаҳон | 11:53 / 14.02.2025
5152
2 дақиқада ўқилади

Трамп Россиянинг G7'га қайтишини хоҳлаяпти

Доналд Трамп Россиянинг G7'га қайтишини кўришдан «хурсанд бўлишини» айтди ва Москванинг Қрим туфайли четлаштирилганини «хато» деб атади.

Фото: Matt Dunham/ASSOCIATED PRESS/picture alliance

АҚШ президенти Доналд Трамп Россиянинг G7'га қайтишидан хурсанд бўлади. Бу ҳақда у 13 феврал, пайшанба куни Оқ уйда журналистлар билан суҳбат чоғида айтиб ўтди.

«Мен уларнинг қайтишини жуда истардим. Менимча, уларни ҳайдаб юбориш хато бўлди. Гап менга Россия ёқиши ёки ёқмаслигида эмас. Гап G8'да эди», — дея унинг сўзларини келтиради Reuters. «Мен: «Нима қиляпсизлар? Сизлар Россиядан бошқа ҳеч нарса ҳақида гапирмаяпсизлар ва улар столда ўтиришлари керак», дедим. Менимча, Путин қайтиб келган бўларди», — дея қўшимча қилди у.

Россия 1997 йилдан 2014 йилгача "катта саккизлик" аъзоси эди. Бироқ, Қрим қўшиб олинганидан кейин бирлашма ўз фаолиятини «катта еттилик» форматида давом эттирди. Ҳозирги вақтда унинг аъзоларига АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Италия, Канада ва Япония киради.

Кремл ҳам, бу йил «катта еттиликка» раислик қилаётган Канада ҳам Трампнинг сўзларига ҳеч қандай реакция билдирмади.

Трамп Россияни G7'га қайтаришни биринчи президентлик давридаёқ таклиф қилган

2020 йилда Доналд Трамп аллақачон Россияни G7 саммитига таклиф қилишни ва унинг форматини «G10 ёки G11»га кенгайтиришни таклиф қилган, унга Москвадан ташқари Жанубий Корея, Австралия ва Ҳиндистонни ҳам қўшмоқчи бўлган. Ўшанда Reuters ёзганидек, Кремл Америка президентининг ғоясига вазмин муносабатда бўлган.

Мавзуга оид