Жаҳон | 22:55 / 17.02.2025
3020
2 дақиқада ўқилади

WP: Европа давлатлари тинчлик битими доирасида Украинага 30 минг ҳарбий юбора олади

Хусусан, Франция 10 мингга яқин аскарини Украинага жўнатишга тайёрлигини билдирган. Германия эса АҚШ иштирокисиз ўз қўшинларининг Украинага жўнатилишига қарши чиқмоқда.

Фото: AP

Европа давлатлари Россия—Украина урушини тугатиш тўғрисидаги тинчлик битими доирасида Украинага 25-30 минг ҳарбий юбориш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда The Washington Post ўз манбаларига таяниб хабар берди. ЕИ ҳукумати ушбу қўшинларни «тутиб туриш» кучлари деб атмоқда.

Қайд этилишича, бу каби рақамлар ЕИ давлатларининг Вашингтон томонидан Украинани қўллаб-қувватлаш имконияти қанчалик экани тўғрисида берган саволларига жавобида келтирилган.

Тахминларга кўра, европалик ҳарбийлар тўқнашув чизиғига жойлаштирилмайди, бироқ Россия қўшинлари «урушни қайта бошлашга» уринса, улар ўз «кучини намоён этишга» тайёр туради. Бундан ташқари, ушбу кучлар «зудлик билан ҳарбий салоҳиятни ошириш ва олдинга ҳаракатланиш керак бўлиб қолса», Украинадан ташқаридаги ҳарбийлар томонидан ҳам қўллаб-қувватланади.

Хусусан, Франция 10 мингга яқин ҳарбий ажратиши мумкинлигини маълум қилган. Ўз навбатида AFP’ни ёзишича, Германия агар АҚШ иштирок этмаса, тинчликпарвар миссия учун Украинага қўшинлари юборилишига қарши чиқмоқда. «Биз Европа ва Америка хавфсизлик сиёсати бир-биридан узоқлашадиган, масалан, европалик аскарлар АҚШнинг тўлиқ иштирокисиз юбориладиган сценарийда иштирок этмаймиз», — дейди агентликнинг Германия ҳукуматидаги суҳбатдоши.

The Telegraph томонидан 16 феврал куни эълон қилинган мақолада Буюк Британия бош вазири Кир Стармер мамлакат Укрианага ўз қўшинларини юборишга тайёр эканини айтгани келтирилган.

Аввалроқ Bloomberg учун интервюда Володимир Зеленский 200 минг рақами кўпроқ мажозий экани ва контингентнинг ҳақиқий сони Россия талаб қиладиган украин армияси миқдорига боғлиқ бўлиши кераклигини айтганди. «Агар биз уни [украин армиясини] 200 мингга, 300 ёки 500 мингга қисқартирсак, қисқартирганимиз ўрнига бошқа қўшинлар кераклигини англатади», — деган Украина президенти.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид