Жаҳон | 17:14 / 19.02.2025
1737
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Давлат котиби уруш тугамагунча Россиядан санкциялар олиб ташланмаслигини айтди

Марко Рубио Россия ва АҚШ вакилларининг Саудия Арабистонидаги музокараларидан сўнг, дарҳол бўлиб ўтган телефон суҳбати чоғида «европалик ҳамкасблари гуруҳи»ни бунга ишонтирган.

Фото: AFP/Getty Images

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио европалик иттифоқчиларга президент Доналд Трамп маъмурияти ҳеч бўлмаганда Россия-Украина урушини тўхтатиш бўйича келишувга эришилгунга қадар Россияга нисбатан санкцияларни сақлаб қолишини маълум қилди. Бу ҳақда манбаларга таяниб Bloomberg ёзди.

Рубио Россия ва АҚШ вакилларининг Саудия Арабистонидаги музокараларидан сўнг дарҳол бўлиб ўтган телефон суҳбати чоғида «европалик ҳамкасблари гуруҳи»ни бунга ишонтирган.

АҚШ Давлат департаменти Ар-Риёздаги учрашувдан сўнг, Рубио Франция, Германия, Италия, Буюк Британия ташқи ишлар вазирлари ҳамда Европа дипломатияси раҳбари Кая Калласга қўнғироқ қилганини расман маълум этди.

«Давлат котиби ташқи ишлар вазирларига ушбу учрашув ҳақида маълумот берди. Улар Украинадаги можарога узоқ муддатга барҳам беришга эришиш учун ҳаракат қилиб, яқин алоқаларни давом эттиришга келишиб олдилар», дейилади департамент хабарида.

18 февраль куни Ар-Риёзда Россия ва АҚШ делегациялари ўртасидаги музокаралар якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Рубио Россия-Украина уруши якунланса, Ғарб давлатлари Россияга қарши санкцияларни бекор қилишга мажбур бўлишини айтди. «Ҳар қандай можарога барҳам бериш учун барча томонлар ён бериши керак», деди АҚШ Давлат котиби Вашингтон томонидан Москвага нисбатан жорий этилган санкциялар келажаги ҳақидаги саволга жавоб берар экан.

АҚШ Давлат котибининг санкцияларни сақлаб қолиш ҳақидаги ваъдаси Вашингтон Москва билан келишувга эришишидан қўрққан европалик иттифоқчиларга «бироз таскин бериши мумкин», деб ёзди Bloomberg.

Ғарб давлатлари, жумладан, АҚШ ва Европа Иттифоқи Россия қўшинларининг 2022 йил февралида Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан сўнг, Россияга қарши кенг кўламли санкциялар киритган.

 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид