Ўзбекистон | 20:42 / 21.02.2025
3686
2 дақиқада ўқилади

Сенат чиқиндидан қарзи бор фуқароларга электр тўловини чеклаш ҳақидаги қонунни маъқуллади

Янги қонун билан Фуқаролик кодекси, Уй-жой кодекси, «Рақобат тўғрисида»ги ва «Электр энергетикаси тўғрисида»ги қонунларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Фото: Экология вазирлиги

Сенатда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун маъқулланди.

Қайд қилинишича, ушбу соҳада кўрсатилган хизматлар учун тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилмаслиги оқибатида 600 млрд сўмлик дебитор қарздорлик тўпланиб қолган. Шу вақтга қадар тўловни амалга оширмаган абонентга нисбатан таъсир чоралари фақатгина суд тартибида амалга оширилган ва у узоқ давом этган.

Янги қонун билан Фуқаролик кодекси, Уй-жой кодекси, «Рақобат тўғрисида»ги ва «Электр энергетикаси тўғрисида»ги қонунларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Унга кўра энди қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар бўйича қарздорлиги мавжуд бўлган истеъмолчиларга SMS хабар юборилади. Шундан сўнг мазкур қарздорлик бартараф этилгунига қадар истеъмолчидан электр энергияси учун тўловларни қабул қилиш вақтинчалик чекланади. Бунда хизмат кўрсатувчи тузилмалар тўловларни ҳисоб-китоб қилишнинг ишончли ҳамда тўғрилигини таъминлашга масъул бўлиши белгиланмоқда.

Қонунга кўра қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар бўйича қарздорлиги мавжуд бўлган истеъмолчилар уни бартараф этса, электр энергияси учун тўловлардаги вақтинчалик чеклашлар автоматик равишда бекор қилинади.

Қонуннинг қабул қилиниши чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун тўлов интизомини мустаҳкамлаш, хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг асосий фондларини янгилаш ва хизматлар сифатини яхшилаш, ушбу соҳага тадбиркорлик субъектларини жалб қилишга хизмат қилиши таъкидланмоқда.

Мавзуга оид