Жаҳон | 22:51 / 21.02.2025
2471
2 дақиқада ўқилади

Япония суди «Сэндай» АЭС ядровий реакторлари ишини тўхтатиш тўғрисидаги даъвони рад этди

Суд АЭС ишини тўхтатиш учун асос топмаган ва табиий офатлар туфайли авария юз бериш хавфи аниқ эмаслигини маълум қилган.

Фото: Kyodo News

Япония суди Кагосима префектурасида жойлашган «Сэндай» атом электр станциясидаги иккита реактор фаолиятини тўхтатишни талаб қилган минглаб маҳаллий аҳолининг даъвосини рад этди, деб хабар беради Kyodo News.

Қайд этилишича, суд АЭС ишини тўхтатиш учун асос топмаган ва табиий офатлар туфайли авария юз бериш хавфи аниқ эмаслигини маълум қилган.

Салкам 3 минг кишидан иборат даъвогарлар вулқон отилиши ёки зилзила туфайли энергоблокларга зарар етиши мумкинлигидан хавотирда. «Сэндай» АЭС мунтазам ҳаракатга келиб турадиган Сакурадзима вулқонидан 50 километр узоқликда жойлашган — бу ер юқори сейсмик фаолликка эга ҳудуд ҳисобланади.

Шунга қарамай, суд Kyushu Electric Power Co оператори томонидан кўрилган хавфсизлик чораларини эҳтимолий фалокатларнинг олдини олиш учун етарли деб топди.

Суд қарорига жавобан Kyushu Electric компанияси станция хавфсизлигини таъминлаш ва табиий офатларга тайёрлик чораларини давом эттиришини билдирди. Даъвогарлар эса ушбу қарор устидан юқори турувчи инстанцияга шикоят қилиш ниятида.

Бундай қарор Японияда ядровий энергетикани қўллаб-қувватлаш ортиб бораётгани фонида қабул қилинди. 17 феврал куни Япония Вазирлар маҳкамаси янги энергетика режасини тасдиқлаганди, унда 2040 йилга бориб умумий энергия ишлаб чиқаришда атом энергияси улушини 20 фоизга етказиш кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, 2011 йилда «Фукусима-1» АЭСда рўй берган авариядан сўнг биринчи бўлиб «Сэндай» АЭС иш бошлаган ва 2015 йилда иккинчи энергоблоки реактори ҳам тўлиқ қувватда ишга туширган эди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид