Ўзбекистон | 19:33 / 25.02.2025
19237
14 дақиқада ўқилади

Ҳокимларга қўшимча ваколат, автоматик тайинланадиган пенсия ва скутер учун “права” – 1 мартдан нималар ўзгаради?

Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ, 2025 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.

Фото: Kun.uz

Скутер бошқариш учун “права” талаб этилади

Бу тартиб 2025 йил 1 мартдан жорий қилинади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 8 июлда қабул қилинган “Фойдаланишда бўлган мопед ва скутерларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорида белгилаб қўйилган.

Ҳужжатда келтирилишича, 2025 йил 1 мартдан бошлаб мопед ва скутерларни бошқариш учун тегишли тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиш талаб қилинади.

Қарор билан фойдаланишда бўлган мопед ва скутерларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом ҳам тасдиқланган. Вақтинчалик низом фойдаланишда бўлган двигателининг иш ҳажми 25 см куб ва ундан ортиқ, лекин 50 см кубдан ошмайдиган, шунингдек, электр двигателининг қуввати 0,25 киловатт ва ундан ортиқ, лекин 4 киловаттдан ошмайдиган, конструктив тезлиги соатига 25 километр ва ундан ортиқ, лекин 50 километрдан ошмайдиган транспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг вақтинчалик тартибини белгилайди.

Вақтинчалик низом 2025 йил 28 февралга қадар амал қилиши белгиланган.

«Яшил олам» ва «Яшил тўлов» платформалари ишга тушади

Вазирлар Маҳкамаси тегишли қарори билан 2025 йил 1 мартдан жисмоний ва юридик шахсларнинг ихтиёрий хайрия ажратмаларига хизмат кўрсатиш бўйича «Яшил олам» ва «Яшил тўлов» платформалари жорий этилади.

Ҳужжат билан Экология вазирлиги ҳузуридаги Яшил хайрия жамғармаси тўғрисидаги низом ва унинг бошқарув кенгаши таркиби тасдиқланган.

Хайриялар Экология вазирлиги ҳузуридаги Яшил хайрия жамғармасининг махсус ҳисобрақамига йўналтирилади ва дарахт ҳамда буталарни экишни ташкил этиш учун фойдаланилади.

Жамғарма маблағлари қуйидагиларни молиялаштиришга йўналтирилади:

  • дарахт ва буталар экиш учун ажратилган ер участкаларини тайёрлаш;
  • дарахт ва буталар экиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш;
  • дарахт ва буталар экилган участкаларда суғориш тизимларини ўрнатиш;
  • дарахт, бута ва қаламчаларни харид қилиш;
  •  ҳудудни ободонлаштириш, дендрарийлар, «яшил боғлар», «яшил жамоат боғлари», «яшил қалқон» ва «яшил камар» барпо этиш ишлари;
  • экилган кўчатларни уч йил давомида сақлаш ишлари;
  • йирик ўлчамли дарахт ва буталарни етиштириш ҳамда етказиб бериш.

Яшил хайрия жамғармасига келиб тушадиган маблағлардан жамият олдида шаффофлик ва ҳисобдорлик тамойиллари асосида фойдаланилади.

Туман ва шаҳарлар ҳокимликларига қўшимча ваколатлар берилади

2024 йил 20 декабрда президентнинг “Ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш ҳамда бу борада маҳаллий ҳокимликларнинг роли ва масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинган.

Ҳужжат билан ҳокимликларга қуйидаги ваколатлар берилмоқда:

2025 йил 1 мартдан ҳудуди 10 минг метр квадратдан, баҳоланган қиймати 5 минг БҲМдан ошмаган ҳамда 6 ой давомида сотилмаган маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тегишли кўчмас мулк объектларини 2 йил ичида янги лойиҳани ишга тушириш ва иш ўринлари яратиш шарти билан:

  • тадбиркорларга тўғридан тўғри 10 йил муддатга ижарага бериш ҳамда давлат мулки учун 4 йил давомида узлуксиз ижара тўловларини амалга оширган ва ижара шартномаси шартларини бажарган тадбиркорга хусусийлаштириш ёки баҳоланган қийматда тўғридан тўғри сотиш;
  • халқаро тан олинган хорижий тил ва малака сертификатларини олишга ўқитадиган маҳаллий ҳамда хорижий мутахассислар ёки ташкилотларга дастлабки биринчи йили ижара тўлови ундирмасдан 5 йил муддатга кейинчалик унинг муддатини узайтириш шарти билан ижарага бериш.

Фармон билан туман (шаҳар)лар ҳокимликларига айрим йўналишларда маъмурий ваколатлар ҳам берилган.

Мобил малака ошириш хизматлари жорий этилади

2025 йил 1 мартдан бошлаб тажриба-синов тариқасида республиканинг узоқ ва чекка ҳудудларида жойлашган мактабгача таълим ташкилотлари педагог кадрлари учун мобил малака ошириш хизматлари жорий этилади. Бу ҳақда президентнинг “Мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгилаб қўйилган.

Мобил малака ошириш хизматлари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги педагогик маҳорат марказлари томонидан 4 та аудитория кўринишидаги автобуслар негизида ташкил этилади. Нодавлат ва давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилотлари педагогларига мобил малака ошириш хизматлари пулли асосда кўрсатилади.

Автобусларни жиҳозлаш «Болаларнинг эрта ёшдан ривожланишига кўмаклашиш» лойиҳаси доирасида Жаҳон банки томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади. Автобуслар ҳайдовчиларининг иш ҳақи, ёқилғи-мойлаш материаллари учун ва бошқа харажатлари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги педагогик маҳорат марказларининг пулли хизматларидан тушган маблағлар ҳисобидан қопланади.

Ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш кучайтирилади

2025 йил 1 мартдан йил якунигача Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчиларига турар жойни ижарага олганлик учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўловлари белгиланади.

Президентнинг айрим қарорларига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимча киритилди:

  • 2025 йил 1 мартдан ҳарбий хизматчиларга турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун тўланадиган ҳар ойлик пул компенсацияси миқдори 20 фоизга оширилади;
  • 2025 йил 1 июндан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган ипотека кредитларини ажратиш кўрсаткичлари асосида уй-жой билан таъминланадиган, календар ҳисобида 10 йилдан ортиқ ҳарбий хизматни ўтаган ҳарбий хизматчиларга турар жой сотиб олиш (қуриш) учун ипотека кредити олинишида ажратиладиган дастлабки бадал миқдори уй-жой ҳисобланган қийматининг 35 фоизи миқдорида белгиланади.

Президентининг 2005 йил 30 июндаги ПҚ–112-сон қарорига киритилган ўзгартиришларга кўра:

🔘 2025 йил 1 мартдан йил якунигача Қуролли Кучларнинг контракт бўйича хизмат қилаётган, амалдаги сарф-харажатлар доирасида тураржой билан таъминланмаган оддий аскар, сержант ва офицерлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларига турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун:

– Тошкент шаҳрида – БҲМнинг 4,8 бараваригача миқдорда;

– Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида – БҲМнинг 3,6 бараваригача миқдорда;

– бошқа шаҳарлар, туман марказлари ва аҳоли пунктларида – БҲМнинг 2,4 бараваригача миқдорда ҳар ойлик пул компенсацияси тўловлари белгиланди.

Оила аъзолари 3 киши ва ундан ортиқ бўлган тақдирда ҳарбий хизматчиларнинг ушбу пул компенсацияси миқдорлари 50 фоизга оширилади.

Пенсияни автоматик тарзда тайинлаш тизимига ўтилади

Давлат раҳбарининг тегишли қарорига кўра, ёшга доир пенсияларни проактив шаклда тайинлаш тартиби жорий этилади. Ёшга доир пенсияларни пенсия ёшига тўлиши муносабати билан алоҳида мурожаат талаб этмаган ҳолда тайинлашни назарда тутувчи бу тартиб 2025 йил 1 мартдан кучга киради.

Бунда, ёшга доир пенсиялар Пенсия жамғармасининг ахборот тизими орқали тегишли вазирлик ва идоралараро ахборот алмашинуви асосида олинадиган фуқаронинг иш стажи, иш ҳақи ҳамда бошқа маълумотларига асосан ҳисобланади ва тайинланади.

Фуқароларга пенсия ёшига етиб меҳнат фаолиятини давом эттирган ҳолда кейинчалик ёшга доир пенсияга чиқиш истагини билдирганида проактив шаклда тайинланган пенсияни рад қилиш ҳуқуқи берилади.

Ногирон болалар учун кундузги парвариш хизмати йўлга қўйилади

Бу ҳақда президентнинг “Ногиронлиги бўлган болаларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгилаб қўйилган.

Ҳужжатга кўра, 2025 йил 1 мартдан тажриба-синов тариқасида босқичма-босқич Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида, 2025 йил 1 октябргача республиканинг қолган ҳудудларида 3 ёшдан 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар учун давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизмати йўлга қўйилади.

Бунда ногиронлиги бўлган болалар кундузги парвариш хизматига уларнинг ота-оналари билан “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ўртасида тузилган ижтимоий шартнома асосида ҳамда Психологик-тиббий-педагогик комиссия томонидан белгиланган тартибда берилган хулосага мувофиқ қабул қилинади.

2025 йил 1 мартдан кундузги парвариш хизматига оид фаолиятни амалга оширувчи тадбиркорларни қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:

  • кундузги парвариш хизматидан фойдаланилган бир кун учун 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган ҳар бир болага базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 фоизи миқдорида ва 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган ҳар бир болага – 27 фоизи миқдорида субсидия ажратилади.
  • Бунда вилоятлар марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарлари учун субсидия миқдори 1,1 кўпайтирувчи коэффициентни қўллаш орқали аниқланади;
  • Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларнинг ногиронлиги бўлган ҳар бир боласи учун юқорида белгиланган субсидия умумий миқдорининг 30 фоизи миқдорида қўшимча маблағ тўлаб берилади.

Экологик стикер бериш бошланади

2025 йил 1 мартдан экологик стикер бериш бошланади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида қайд этилган.

Қарорда келтирилишича, “Экологик транспорт” тизимини жорий қилиш 1 мартдан бошлаб босқичма-босқич йўлга қўйилади.

«Экологик транспорт» тизими қуйидагиларни назарда тутади:

  • ҳудудларни улардаги атмосфера ҳавоси билан боғлиқ реал экологик ҳолатдан келиб чиқиб, илғор хорижий тажриба ва инновацион технологиялар асосида «яшил», «сариқ» ва «қизил» ранглар билан белгиланадиган «тоза», «ўрта» ва «зарарли» экологик зоналарга ажратиб бориш;
  • транспорт воситаларининг нормативларга мослиги даражасини автоматик баҳолаш тизимига асосан диагностика текшируви жараёнида аниқлаш ва натижалари бўйича қалбакилаштиришдан ҳимояланган ҳамда электрон белгига эга бўлган экологик стикерлар бериш орқали транспорт воситаларини «яшил», «сариқ» ва «қизил» ранглар билан белгиланадиган «тоза», «ўрта» ва «зарарли» экологик тоифаларга ажратиб бориш;
  • экологик тоифаси ҳудуднинг экологик зонасига мувофиқ бўлмаган транспорт воситаларига нисбатан экологик компенсация тўловларини жорий этиш ёхуд улардан тегишли экологик зоналар ҳудудида фойдаланишни чеклаш ёки тақиқлаш.

2025 йил 1 мартдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида транспорт воситаларининг нормативларга мослиги даражасини аниқлаш ва натижалари бўйича экологик стикерлар бериш мазкур хизматлар учун алоҳида тўлов ундирилмасдан транспорт воситаларини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлинмаларида рўйхатга олиш ва қайта рўйхатга олиш жараёнида босқичма-босқич амалга оширилади.

«Экологик транспорт» тизими биринчи босқичда (2025 — 2026 йилларда) Тошкент шаҳрида, иккинчи босқичда (2026 — 2028 йилларда) Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида ҳамда заруратга кўра, алоҳида экологик зоналарда (сайёҳлик маркази, табиат қўриқхонаси, соғломлаштириш ҳамда дам олиш масканлари ва бошқалар), шунингдек, учинчи босқичда (2028 — 2030 йилларда) бошқа барча ҳудудларда жорий этилади.

Бошқа ўзгаришлар

2025 йил 1 мартдан бошлаб:

  • экспорт қилиш мақсадида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жисмоний шахслардан харид қилган корхоналар томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тўғрисидаги маълумотлар электрон шаклда солиқ органлари маълумотлар базасида акс эттирилиши солиқ солиш мақсадларида кирим ҳужжатларига тенглаштирилади;
  • давлат органларининг расмий веб-сайтлари фақатгина Ягона платформада юритилади. Бунда янги ташкил этилган давлат органлари ўзларининг расмий веб-сайтлари фаолиятини ташкил этилган санадан бошлаб бир ой муддатда Ягона платформада йўлга қўяди;
  • аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш жараёнларини рақамли назорат қилиш тизими йўлга қўйилади;
  • амалдаги қонунчиликда белгиланган имтиёзлардан (субсидия, солиқ ва божхона имтиёзлари ва молиявий ёрдамлар) фойдаланган ҳолда харид қилинган, шу жумладан, республикада ишлаб чиқарилган ва импорт қилинган янги тракторлар ва комбайнларни уларга GPS қурилмасини ўрнатмаган ҳолда давлат рўйхатидан ўтказиш ва улардан фойдаланиш тақиқланади;
  • автоматлашган кичик станциялар маълумотлари атроф табиий муҳит давлат мониторинги тизимининг ягона геоахборот маълумотлар базасига интеграция қилинади ва узлуксиз фаолият юритиши таъминланади;
  • мусиқа маданияти фани ўқитувчилари учун назария ва амалиёт уйғунлаштирилган ҳолда малака ошириш тизими йўлга қўйилади. Бунда малака ошириш таълим дастурининг назарий қисми А. Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар педагогик маҳорат марказларида, амалий (ижодий) қисми болалар мусиқа ва санъат мактабларида ташкил этилади ва марказларга ишга қабул қилинадиган мусиқа маданияти фани ўқитувчилари меҳнатига соатбай асосда иш ҳақи тўланади;
  • Камбағал оилалар реестрига киритилган ва расмий банд бўлган ёлғиз она (ота)га ижтимоий шартнома асосида бир нафар фарзанди учун бола(лар) уч ёшга тўлгунига қадар мактабгача таълим хизматидан фойдаланиш учун Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан БҲМнинг бир ярим бараваригача миқдорида моддий ёрдам берилади. Бунда агар болалар эгизак бўлса, моддий ёрдам эгизакларнинг ҳар бири учун берилади;
  • мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташкилотларда меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнат муҳофазаси таъминланганлик ҳолати онлайн рейтинг асосида баҳоланади;
  • Ўзбекистонга олиб кириладиган палма мойига ҳамда таркибида палма мойи ва ёғ кислоталарининг транс изомерлари мавжуд бўлган маҳсулотларга, шу жумладан, сут ва сутни қайта ишлашдан олинган маҳсулотларга санитария-эпидемиологик хулоса расмийлаштиришда мавжуд аккредитацияланган синов лабораторияларида ўрнатилган тартибда палма мойи ва унинг фракциялари амалдаги техник регламент ва стандартлар талабларига асосан мажбурий синовдан ўтказилиши таъминланади.

Мавзуга оид