Камбағал оилалар қўллаб-қувватланади 

Президентнинг тегишли фармони билан 2025 йил 1 апрелдан Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар учун “Ижтимоий дафтарлар” жамғармалари орқали қўллаб-қувватлашнинг янги инструментларини жорий этиш кўзда тутилган.

Унга кўра, ушбу тоифадаги оилалар учун “Ижтимоий дафтарлар” жамғармалари орқали қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги янги инструментлари жорий этилади:

  • камида 3 нафар хотин-қизлар, ёшлар ва аҳолининг бошқа эҳтиёжманд тоифалари бандлиги ҳамда ижтимоий фаоллигини таъминлашга қаратилган ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш учун тегишинча “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Саховат ва кўмак” жамғармалари ҳисобидан БҲМнинг 60 бараваригача грантлар ажратиш;

“Ёшлар дафтари” жамғармаси ҳисобидан:

  • ногиронлиги бўлган ёшларга параспорт тўгаракларига қатнашиши учун йўл ҳақи харажатларини ҳар ойда БҲМнинг 1 бараваригача миқдорда қоплаб бериш;
  • 6 ой давомида мунтазам равишда спорт ва санъат тўгаракларига қатнашаётган ёшлар учун қиймати БҲМнинг 10 бараваридан ошмайдиган махсус спорт форма, инвентар, мусиқа ва чолғу асбобларини харид қилиш;
  • ёнғин, сув тошқини, зилзила ва бошқа техноген ҳодисалар оқибатида зарар кўрган оилаларга уй-жойларини тиклаш ва таъмирлаш харажатларини қоплаш учун “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали БҲМнинг 150 бараваригача бўлган миқдорда ёрдам кўрсатиш.

2025 йил 1 апрелдан бошлаб «Ижтимоий дафтарлар» жамғармалари орқали кўрсатиладиган ижтимоий ёрдамлар Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга, уй-жой шароитларини яхшилаш ва соғлиқни сақлаш бўйича ижтимоий ёрдамлар эса — ойлик даромади оила аъзоларининг ҳар бирига минимал истеъмол харажатлари миқдорининг 2 бараваридан кўп бўлмаган оилаларга ҳам тақдим этилади. Бунда маданий-маърифий, таълим, спорт ва туризм тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармалари тушумларининг 25 фоизидан кўп бўлмаган қисмини йўналтиришга рухсат берилади.

Шунингдек, 2025 йил 1 апрелдан бошлаб «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармалари орқали тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилишга зарур бўлган асбоб-ускуналар, меҳнат қуроллари, уруғлик ва кўчатлар харид қилиш учун тўланадиган ссуда ва субсидиялар Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилади.

2025 йил 1 апрелдан бошлаб «Ёшлар дафтари» жамғармалари орқали, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб эса «Аёллар дафтари» жамғармалари орқали тўланадиган бир марталик моддий ёрдамлар ўрнига давлат бюджети маблағлари ҳисобидан кам таъминланган оилалар учун назарда тутилган нафақалар тўланади. Бунда тегишли нафақаларни тайинлаш ва тўлаш учун 6 ой муддат давомида Камбағал оилалар реестридаги оилалар аъзоларининг бандлиги таъминлангани ҳолати инобатга олинмайди.