Жаҳон | 23:10 / 25.02.2025
4763
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ: 2050 йилга бориб дунёда кўкрак бези саратонидан ўлим ҳолати 68 фоизга ошади

Ҳар 20 аёлдан бири ҳаёти давомида кўкрак бези саратони билан касалланади ва бу уни аёллар орасида энг кенг тарқалган онкологик касалликка айлантирмоқда.

Фото: Getty images

Тадқиқотчилар кейинги ўн йилликда кўкрак бези саратони ташхиси ва ўлим даражаси бутун дунё бўйлаб кескин ўсишини кутмоқда — касалликнинг энг юқори кўрсаткичи Шимолий Европада қайд этилади.

Маълумотларга кўра, 2022 йилда 2,3 миллион аёлда онкологик касалликлар аниқланган бўлиб, уларнинг 670 минг нафарини муқаррар ўлим кутмоқда.

Ҳар 20 аёлдан бири ҳаёти давомида кўкрак бези саратони билан касалланади ва бу уни аёллар орасида энг кенг тарқалган онкологик касалликка айлантирмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Саратонни ўрганиш бўйича халқаро агентлигининг янги прогнозларига кўра, 2050 йилга бориб дунёда кўкрак бези саратони оқибатида юзага келадиган ўлим ҳолатлари 68 фоизга, касалликнинг янги ҳолатлари сони эса 38 фоизга ошади.

Таъкидланишича, бу 3,2 миллион янги ҳолат ва йилига 1,1 миллион ўлимни ташкил этади.

«Дунёда ҳар дақиқада тўрт нафар аёлга кўкрак бези саратони ташхиси қўйилади, бир нафар аёл вафот этади ва бу статистика ёмонлашмоқда», — дейди агентлик мутахассиси Жоанна Ким.

ЖССТ ҳисоботида келтирилишича, сўнгги йилларда Куба ва 29 та бой мамлакатда ўлим даражаси пасайган бўлсада, фақат еттитаси ўлимни йилига камида 2,5 фоизга камайтириш бўйича глобал соғлиқни сақлаш мақсадларига эришмоқда. Ушбу давлатлар — Белгия, Дания, Литва, Малта, Нидерландия, Словения ва Швейцария. Яна бир нечта давлат улардан бироз ортда қолмоқда: Австралия, Буюк Британия, Ирландия, Норвегия, Янги Зеландия ва Швеция.

Nature Medicine журналида чоп этилган тадқиқотда келтирилишича, агар барча мамлакатда касалликни 2,5 фоизга қисқартириш мақсадига эришса, 2050 йилга бориб кўкрак бези саратонидан вафот этадиганлар сони қарийб икки баробарга қисқаради.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид