Жаҳон | 19:29 / 25.02.2025
2465
2 дақиқада ўқилади

Украинани тиклаш учун 500 млрд евродан ортиқ маблағ керак бўлади. Бир йил ичида ушбу сумма 7 фоизга ошди

Мамлакатдаги уй-жой, транспорт, энергетика, савдо ва таълим соҳалари энг кўп зарар кўрган. Биргина тозалаш ва вайроналарни ажратиш учун камида 12,6 млрд евро керак бўлади.

Фото: Reuters

Жаҳон банки, БМТ, Европа комиссияси ва Киев ҳисоб-китобларига кўра, кейинги ўн йилда Украинани тиклаш учун 506 миллиард евро талаб этилади.

Институтларнинг қўшма тадқиқоти бинолар ва бошқа инфратузилмаларга тўғридан тўғри етказилган жисмоний зарарни, одамларнинг ҳаёти ва турмуш тарзига таъсири ҳамда қайта қуриш харажатларини инобатга олган. Ушбу сумма 2024 йил 31 декабр ҳолатига кўра келтирилган ва бу Украинанинг ўтган йилдаги ялпи ички маҳсулотидан қарийб 2,8 бараварга кўп.

Россия ҳужумлари оқибатида бевосита Украинага етказилган зарар 2024 йилнинг февралидан бери 138 миллиарддан 170 миллиард еврогача ошган. Тадқиқотда айтилишича, уй-жой, транспорт, энергетика, савдо ва таълим соҳалари энг кўп зарар кўрган.

Институтларнинг баҳолашича, Украинадаги умумий уй-жой фондининг 13 фоизи (2,5 миллиондан ортиқ хўжалик) шикастланган ёки вайрон бўлган. Биргина тозалаш ва вайроналарни ажратиш учун камида 12,6 миллиард евро керак бўлади.

2024 йил бошида Украинани тиклаш учун 486 миллиард доллар керак бўлиши айтилган эди. Ўтган бир йил ичида эса бу 7 фоиздан зиёдга ошди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил майда Украина президенти Володимир Зеленский урушдан сўнг мамлакатни тиклаш учун 600 миллиард доллар керак бўлишини айтганди. Жорий йилнинг феврал ойида эса Россия музлатилган 300 миллиард долларлик активлари Украинани тиклаш учун йўналтирилишига рози бўлиши, бироқ маблағларнинг бир қисми РФ назорат қилаётган ҳудудларга сарфланишини талаб қилиши мумкинлиги тўғрисида хабар берилган эди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид