Reuters: Башар Асад даврида мингдан ортиқ суриялик ҳарбий аэродром ҳудудида ўлдирилган
Асад ҳукумати Меззеҳ ҳарбий аэродромидан маҳбусларни сақлашда фойдаланиб келган. 2011 йилдан 2017 йилга қадар у ерда камида 29 минг киши сақланган.

Фото: Getty images
Суриянинг собиқ президенти Башар Асад ҳукмронлиги даврида қатллар, қийноқлар ва шафқатсиз муносабатлар оқибатида Дамашқ яқинидаги Меззеҳ ҳарбий аэродромида мингдан ортиқ фуқаро ҳалок бўлган. Бу ҳақда АҚШда жойлашган инсон ҳуқуқлари ташкилоти Сурия адолат ва жавобгарлик маркази (SJAC) ҳисоботига таяниб, Reuters хабар берди.
Қайд этилишича, SJAC ходимлари собиқ президент Башар Асад ҳокимият тепасида бўлган йилларда судсиз қатл этилган фуқаролар дафн қилинган еттита жойни аниқлаган.
Ҳисоботга кўра, Башар Асад ҳукумати Меззеҳ ҳарбий аэродромидан маҳбусларни сақлашда фойдаланиб келган. 2011 йилдан 2017 йилга қадар у ерда камида 29 минг киши сақланган.
Ҳисоботда гувоҳларнинг кўрсатмалари ва сунъий йўлдош суратларини таҳлил қилиш натижасида олинган ҳужжатлардаги маълумотлар келтирилган. Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, улар Ҳарбий-ҳаво кучлари разведкасининг 2011-2017 йиллар давомида ҳалок бўлган 1154 нафар маҳбусга оид маълумотларини таҳлил қилган. Бундан ташқари, тадқиқотчилар гуруҳи омон қолган 156 киши ҳамда режимга қарши бўлганларни кузатиш ва таъқиб қилиш билан шуғулланган Сурия хавфсизлик хизматининг собиқ саккиз нафар ходими билан гаплашган. SJAC’ка кўра, тадқиқотда иштирок этган омон қолганларнинг барчаси ҳибсдалик даврида қийноққа солинган.
Reuters журналистлари оммавий қабрлар мавжудлигини мустақил равишда тасдиқлай олмаган, аммо SJAC тақдим этган сунъий йўлдош суратларида тасвирланган ер майдонларидаги ўзгаришларни кўрган. Иккита жойда — Меззеҳ аэропорти ва Нажаҳ қабристонида юқорида келтирилган даврда қазилган узун хандақлар излари яққол кўзга ташланади.