Ўзбекистон | 14:43 / 01.03.2025
1902
2 дақиқада ўқилади

Ёқилғи-энергетика соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун санкциялар қандай қўлланади?

Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланишда содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори қабул қилинди.

Молиявий санкциялар тарзидаги ҳуқуқий таъсир чоралари қуйидагилардан фойдаланиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун қўлланилади:

• нефт, газ конденсати, нефт маҳсулотлари ва суюлтирилган углеводород гази;
• табиий газ;
• электр энергияси;
• иссиқлик энергияси;
• сертификатланмаган энергетика ускуналари, тармоқлари ва энергия таъминоти тизимлари элементлари;
• шунингдек, ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчиларини текшириш ва экспертизадан ўтказишда содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланганда. 

Электр энергияси, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси томонидан ҳуқуқбузарлик тўғрисида далолатнома тузилади, далолатнома хўжалик юритувчи субъект раҳбари томонидан имзоланади. Далолатномани имзолаш рад этилганда, у субъектга почта орқали юборилади. 

Далолатнома асосида 5 кун ичида санкция қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинади. 

Хўжалик юритувчи субъектлар молиявий жарималарни ихтиёрий равишда бир ой ичида тўлашлари мумкин. Акс ҳолда ваколатли орган мажбурий ундиришни сўраб судга мурожаат қилади.

Агар биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган хўжалик юритувчи субъект йўл қўйилган ҳуқуқбузарликни ихтиёрий равишда бартараф этган ва етказилган зарарни тўлиқ қоплаган бўлса, молиявий санкция қўлланмайди.

Мавзуга оид