Жаҳон | 19:05 / 04.03.2025
4009
2 дақиқада ўқилади

Россия ядровий музокараларда Эрон ва АҚШ ўртасида воситачилик қилишга рози — ОАВ

Музокаралар Эроннинг ядровий дастури, шунингдек, Теҳроннинг Яқин Шарқдаги Америкага қарши прокси кучларни қўллаб-қувватлашига ҳам тегишли экани таъкидланмоқда.

Фото: AP

Кремл Эрон билан музокараларда Қўшма Штатларга ёрдам беришга рози бўлди. Бу ҳақда Bloomberg ўз манбаларига таяниб ёзди.

Қайд қилинишича, бу музокаралар Эроннинг ядровий дастури, шунингдек, Теҳроннинг Яқин Шарқдаги Америкага қарши прокси кучларни қўллаб-қувватлашига ҳам тегишли.

Доналд Трамп 12 февраль куни Владимир Путин билан телефон орқали гаплашганида Кремл воситачилигига қизиқиш билдирган, деб ёзди Bloomberg. Бу масала бир неча кундан кейин Ар-Риёздаги музокараларда ҳам муҳокама қилинган, деб даъво қилмоқда агентликнинг Москвадаги аноним манбалари.

Оқ уй бу ҳақдаги Bloomberg сўровига жавоб бермади. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга Вашингтон ва Теҳрон барча муаммоларни музокаралар йўли билан ҳал қилишини таъминлаш учун Москва «қўлидан келган барча ишни қилишга тайёрлигини» айтди.

Трампнинг сайловдаги ғалабасидан сўнг The Wall Street Journal нашри АҚШ президенти Эрон ядровий иншоотларига ҳаводан зарба бериш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берди. Бироқ феврал ойида Трамп «дўзахмонанд бомбалашдан» кўра Теҳрон билан келишувни афзал кўришини айтганди.

Эрон 2019 йилда АҚШ ядровий битимдан чиққанидан кейин ядровий ривожланишни тиклади. АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, эронлик муҳандислар ядровий қурол яратиш учун «бир йил ёки ундан кўпроқ вақт» давом этадиган қисқароқ йўлни ўрганмоқда.

Эрон 2020 йил январ ойида АҚШ кучлари Трампнинг буйруғига биноан Эрон генерали Қосим Сулаймонийни Бағдодда ўлдиргандан сўнг ядровий келишувдан бутунлай чиқиб кетган эди. Bloomberg таъкидлаганидек, Эрон расмийлари Вашингтон билан ҳамкорликка қарши. Феврал ойида Эрон олий раҳнамоси Али Хоминаий АҚШ билан музокаралар «шарафсиз ва ақлсиз бўлиши»ни айтган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид