Фан-техника | 16:22 / 05.03.2025
3823
3 дақиқада ўқилади

Смартфонлардан атиги 72 соат воз кечиш ҳам мия учун фойдали — тадқиқот

Олимлар смартфондан фойдаланишда қисқа танаффус мия фаолиятига қандай таъсир қилишини ўрганди. Тажриба натижалари ажабланарли бўлиб чиқди.

Фото: Unsplash

Олимлар аниқлашича, смартфондан атиги 72 соат воз кечиш миянинг мукофот ва ўз-ўзини назорат қилиш билан боғлиқ соҳаларига ижобий таъсир кўрсатади. Бу смартфонлардан доимий фойдаланиш миянинг физиологик жараёнларини сезиларли даражада ўзгартириши мумкинлигини яна бир тасдиқлайди.

Ҳейделберг университети тадқиқотчилари профессор Роберт Кристиан Волф бошчилигида смартфондан фойдаланишда қисқа танаффус мия фаолиятига қандай таъсир қилишини ўрганди. Улар 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган, смартфонлардан мунтазам фойдаланадиган 25 нафар иштирокчи билан тажриба ўтказди. Биринчи босқичда иштирокчилар миянинг функционал МРТ текширувидан ўтди, шунингдек, смартфондан фойдаланиш одатлари, қурилмага бўлган иштиёқ даражаси ва кайфияти ҳақида маълумот берувчи сўровномаларни тўлдирди. Шундан сўнг уларга смартфонлардан фойдаланишни 72 соатга сезиларли даражада камайтириш таклиф қилинди — улар қурилмалардан фақат иш, кундалик вазифалар ва яқинлари билан боғланиш учун фойдаланиши мумкин эди.

Уч кунлик давр якунига етгач, тадқиқот иштирокчилари қайта мия сканерлашидан ўтиб, яна сўровномаларни тўлдирди. Ҳар иккала МРТ сеанси давомида уларга смартфонларнинг ўчиқ ва ёниқ ҳолатдаги тасвирлари, шунингдек, нейтрал расмлар кўрсатилди. Олимлар смартфон тасвирларига қараганда мия фаоллиги қандай ўзгарганини, бу сигналларни қайта ишлашда қайси зоналар иштирок этганини ўрганди.

Тажриба натижалари ажабланарли бўлиб чиқди. Тадқиқотдан олдинги ва кейинги сўровномалар кайфиятда ёки смартфонга бўлган мойиллик даражасида сезиларли ўзгаришларни аниқламаган бўлса-да, мияни сканерлаш бутунлай бошқача натижани кўрсатди.

Иштирокчилар 72 соат давомида гаджетлардан воз кечганидан сўнг мия олдинги белбоғ пўстлоғи ва ёндош ядросида (булар мукофотларни қайта ишлаш ва импулсив хатти-ҳаракатларни шакллантириш учун масъул бўлган соҳалар) фаоллик ошгани кузатилди. Миянинг бу ҳудудларида шунга ўхшаш фаоллик маълум моддалар ёки одатларга тобе бўлган одамларда ҳам қайд этилади.

Шу билан бирга, уч кунлик чекловдан сўнг миянинг визуал маълумотларга эътибор бериш ва қайта ишлаш учун масъул бўлган соҳаларида ёниқ смартфонларга нисбатан реакция, аксинча, пасайган. Бу шуни англатадики, қисқа танаффусдан сўнг смартфонлар мияни камроқ ўзига тортган. Шу билан бирга, мия фаолиятидаги ўзгаришлар лаззатланиш ва қарамликнинг ривожланишида асосий рол ўйнайдиган дофамин ва серотонин тизимлари билан боғлиқ бўлган.

Волфнинг сўзларига кўра, тадқиқот натижалари смартфондан қисқа муддатли воз кечиш ҳам мукофот тизими билан боғлиқ бошқа одатлардан воз кечиш каби нейрофизиологик ўзгаришларни келтириб чиқариши мумкинлигини кўрсатди. Бироқ бундай ўзгаришлар фақат мия фаолиятига тааллуқли бўлиб, хулқ-атворга таъсир қилмайди. Балки, сезиларли психологик таъсирга эришиш учун смартфондан узоқроқ вақт фойдаланмаслик талаб этилиши мумкин.

Мавзуга оид