Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия АҚШ янги санкциялари туфайли нефт-газ даромадларининг 20 фоизини йўқотди
Санкцияларнинг кучайиши фонида Россия нефтчилари нефтга чегирмаларни оширишга мажбур. Бу федерал бюджетнинг хомашё бўйича даромадларига таъсир қилди.
5 март, чоршанба куни The Moscow Times рус хизматининг Россия Молия вазирлиги маълумотларига таяниб ёзишича, Россия бюджети Россиянинг Украинага қарши уруши учун жорий этилган Америка санкциялари кучайтирилиши фонида нефт ва газ даромадларининг деярли 20 фоизини йўқотди. Нашр тушунтиришича, босим кучайганлиги сабабли нефт компаниялари ўз маҳсулотларига чегирмаларни оширишга мажбур бўлмоқда ва бу федерал бюджетнинг хомашё бўйича даромадларига таъсир қилди.
Феврал ойи натижаларига кўра, ғазнага нефт ва газ компанияларидан 771,3 миллиард рубл солиқ тушди — бу ўтган йилга нисбатан 18 фоизга кам. Пул кўринишида ҳукумат 2024 йил февралида олинган суммага нисбатан 156 миллиард рубл, жорий йилнинг январига нисбатан эса 18 миллиард рубл йўқотди.
Нефт нархининг пасайиши
Россия нефти нархининг пасайиши бюджет учун жиддий муаммога айланмоқда, унда нефт ва газ даромаднинг ҳар учинчи рублини таъминлайди. Bloomberg маълумотларига кўра, Новороссийск ва Приморск портларидан жўнатилган Urals нефти феврал ойи охирида бир баррел учун тахминан 58 доллар турган, бюджет лойиҳасида эса 69,7 долларга баҳоланган.
Нефтнинг рублдаги нархи — долларнинг Россия валютасига курсини ҳисобга оладиган бюджет учун муҳим кўрсаткич — феврал ойида бюджет кўрсаткичидан 15 фоизга паст ва 2023 йил июл ойидан бошлаб минимал бўлди: 6726 рублга нисбатан бир баррел учун 5740 рубл.