Жаҳон | 08:36
1003
6 дақиқада ўқилади

Хитой, Эрон, сайловга хориждан аралашув иддаолари ва «Американи қутқариш» қонуни: Трамп халқига мурожаат йўллади

АҚШ президенти Доналд Трамп 16 июль оқшомида Оқ уйдан туриб Америка халқига мурожаат қилди. Деярли 30 дақиқа давом этган нутқида у мамлакатдаги иқтисодий вазиятдан тортиб Хитойнинг сайловларга эҳтимолий аралашуви, разведка идоралари фаолияти ва сайлов тизимидаги муаммоларга тўхталди. Президентга кўра, Хитой Америкадаги сайловларга доимий аралашиб келади.

Фото: AP

Трамп ўз нутқини АҚШнинг бугунги ҳолатини мақташ билан бошлади. Унинг айтишича, мамлакат икки йил аввал иқтисодий ва ижтимоий инқироз ҳолатида бўлган бўлса, ҳозир дунёдаги энг кучли давлатлардан бирига айланган.

Президент инфляция пасаяётгани, фонд бозорлари рекорд кўрсаткичларга чиққани, иш билан бандлик ошгани ва янги солиқ имтиёзлари америкалик оилалар даромадига ижобий таъсир қилаётганини таъкидлади. У дори-дармонлар нархи ҳам кескин тушаётганини айтиб, бу натижани ўз маъмурияти сиёсати билан боғлади.

Шунингдек, Трамп янги туғилган ва вояга етаётган болалар учун махсус инвестиция ҳисоблари жорий этилганини, бу тизим келажакда ёшларнинг молиявий имкониятларини кенгайтиришини билдирди.

Президент чегаралар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, ноқонуний миграция деярли тўхтатилган ва АҚШ тарихидаги энг хавфсиз чегара тизими яратилган.

Нутқи давомида Трамп жиноятчилик даражаси кескин камайгани, қотилликлар сони эса сўнгги юз йилдан ортиқ даврдаги энг паст кўрсаткичга тушганини айтди. У АҚШ армияси дунёдаги энг қудратли ҳарбий куч бўлиб қолаётганини ҳам таъкидлади.

Ташқи сиёсатга тўхталган президент Венесуэла билан энергетика соҳасида ҳамкорлик йўлга қўйилганини маълум қилди. Шунингдек, Эрон билан боғлиқ масалаларда ҳам АҚШ катта натижаларга эришаётганини, бунинг самараси яқин орада кўринишини айтди.

Бироқ мурожаатнинг асосий қисми сайловлар хавфсизлигига бағишланди.

Трамп АҚШ разведка ва хавфсизлик идоралари томонидан тайёрланган бир қатор ҳужжатлар махфийликдан чиқарилаётганини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, бу ҳужжатлар Америка сайлов тизимида жиддий заифликлар мавжудлигини кўрсатади.

Президентнинг энг катта даъволаридан бири Хитой билан боғлиқ бўлди. Унинг айтишича, Хитой 2020 йилги сайловлар даврида 220 миллион америкалик сайловчига оид маълумотларни қўлга киритган. Трамп бу маълумотлар орасида сайловчиларнинг исм-шарифи, манзили, телефон рақами ва бошқа шахсий маълумотлар бўлганини таъкидлади.

Бундан ҳам жиддийроқ айблов сифатида Трамп айрим разведка амалдорлари ушбу маълумотларни яширишга уринганини билдирди. Президентнинг фикрича, АҚШдаги айрим мансабдорлар Хитойнинг эҳтимолий аралашуви ҳақидаги маълумотларни на Конгрессга, на жамоатчиликка очиқлаган.

Трамп Марказий разведка бошқармаси ва бошқа махсус хизматлар ҳисоботларига таяниб, Хитой ҳукумати унинг қайта сайланишига қарши ишлаганини ҳам даъво қилди.

Президентнинг айтишича, Пекин АҚШдаги бизнес вакиллари, оммавий ахборот воситалари ва бошқа таъсир гуруҳлари орқали унга қарши кайфият шакллантиришга ҳаракат қилган.

Нутқ давомида яна бир шов-шувли даъво янгради. Трампнинг таъкидлашича, 2020 йилда Федерал қидирув бюроси қўлига тушган айрим разведка маълумотларида Хитой Жо Байден фойдасига ноқонуний бюллетенлар тайёрлашга урингани ҳақида маълумотлар мавжуд бўлган.

Президент, шунингдек, разведка тизимидаги айрим мансабдорлар сайловларга оид муҳим маълумотларни президентдан ва жамоатчиликдан яширганини иддао қилди.

Мурожаатдаги яна бир муҳим мавзу электрон овоз бериш тизимлари бўлди. Трамп АҚШдаги сайлов машиналари ва овозларни санаш тизимлари ҳакерлик ҳужумларига нисбатан заиф эканини айтди. Унинг фикрича, Россия, Хитой, Эрон, Шимолий Корея ва бошқа кучлар назарий жиҳатдан бу тизимларга таъсир кўрсатиш имкониятига эга.

Президент Венесуэладаги Мадуро ҳукумати сайлов натижаларини электрон тарзда ўзгартиргани ҳақидаги разведка маълумотларини ҳам мисол сифатида келтириб, АҚШ шунга ўхшаш хавфлардан ҳимояланиши кераклигини таъкидлади.

Трамп сайловлардаги эҳтимолий қонунбузарликларга оид мисоллар ҳам келтирди. Хусусан, у Мичиган штатида сайловчиларни рўйхатга олиш жараёнида фирибгарлик аломатлари аниқлангани ва терговлар сиёсий сабабларга кўра тўхтатилганини даъво қилди.

Бундан ташқари, Ички хавфсизлик департаменти маълумотларига таянган ҳолда, сайловчилар рўйхатларида юз минглаб фуқаролиги бўлмаган шахслар мавжуд бўлиши мумкинлигини айтди.

Президентнинг фикрича, буларнинг барчаси АҚШда сайлов тизимига бўлган ишончнинг пасайишига сабаб бўлмоқда.

Шу боис у Конгрессни «Save America Act» — «Американи қутқариш» қонунини қабул қилишга чақирди.

Трамп таклиф қилаётган ислоҳотларга кўра, сайловчилардан фотосуратли шахсни тасдиқловчи ҳужжат талаб қилиниши, фуқаролик мажбурий текширилиши ва почта орқали овоз бериш фақат алоҳида ҳолларда қўлланиши керак.

Президент барча америкаликларни ушбу қонунни қўллаб-қувватлашга чақириб, сайлов тизимига бўлган ишончни тиклаш мамлакат келажаги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Шундай қилиб, Трампнинг мурожаати иқтисодий ютуқлар ҳақидаги ҳисоботдан кўра кўпроқ сайлов тизими ва унинг хавфсизлиги масаласига бағишланди. Президент АҚШ тарихидаги энг йирик сайлов хавфсизлиги муаммолари фош этилаётганини даъво қилар экан, унинг маъмурияти махфий ҳужжатларни ошкор қилиш ва сайлов тизимини тубдан ислоҳ қилишга киришаётганини маълум қилди. Энди асосий савол — Трамп тилга олган ҳужжатлар ва айбловларга Конгресс, разведка идоралари ҳамда сиёсий мухолифлар қандай муносабат билдириши бўлиб қолмоқда.

Шоҳрух Мажидов
Тайёрлаган Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид