Утилизация йиғимининг оширилиши. Бу Ўзбекистондаги экологик вазиятни ёмонлаштиради
Кўплаб давлатлар яшил энергия тизимини ривожлантириш мақсадида аҳолининг анъанавий автомобиллар ўрнига электромобиллар харид қилишини қўллаб-қувватлаяпти. Ўзбекистонда эса айнан электромобиллар импорти учун утилизация йиғими қарийб 4 баробарга оширилди. Бензинли автомобилларга бўлган талабнинг сунъий оширилиши фонида мамлакатдаги мавжуд экологик вазият янада ёмонлашиши мумкин.

Фото: Энергетика вазирлиги
Жорий йилнинг 1 майидан бошлаб ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошмаган электромобиллар учун утилизация йиғими БҲМнинг 30 бараваридан 120 бараваригача, яъни амалдаги 11 млн сўмдан 45 млн сўмгача оширилади. Хўш, ушбу қарорнинг Ўзбекистон экологиясига таъсири қандай бўлади?
Сўнгги пайтларда нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёда иқлим муаммолари ҳар қачонгидан-да фаоллашган: авваллари серсув бўлган воҳалар чўлга айланиб улгурди, одамлар ичимлик сув учун яхшигина пул тўлашяпти, ҳавонинг глобал исиши натижасида узоқ йиллик музликлар шиддат билан эриб кетяпти.
IQair портали маълумотларига кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳаво сифати кескин ёмонлашган. Хусусан, пойтахт Тошкент азалдан ҳавоси ифлос бўлган Ҳиндистон ва Покистон шаҳарларини ортда қолдирган кунларнинг ҳам гувоҳи бўлдик.
Ушбу муаммонинг бир қатор сабаблари бор. Масалан, пойтахтда автотранспорт воситаларидан фойдаланиш даражаси республиканинг бошқа ҳудудларига қараганда анча юқори. Миллий статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2024 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистонда ҳар 1000 кишига 103 та енгил автомобиль тўғри келади ва Тошкент шаҳри республикадаги бошқа шаҳар ва ҳудудларга қараганда энг кўп автомобилга эга шаҳардир. Бу эса табиийки, ёқилғи истеъмоли натижасида ҳавонинг ифлосланишига сабаб бўлади.
Электромобиллар ва анъанавий автомобилларнинг табиатга таъсири
Дунёнинг ривожланган давлатлари тажрибаларига юзлансак, аҳоли зич ва кўп бўлган жойларда экологик барқарорликни сақлаш учун, жамоат транспортларини самарали йўлга қўйиш ва аҳолининг электромобиллардан фойдаланишини қўллаб-қувватлаш тизими мавжуд. Бунда жамоат транспортлари аҳолига қулайлиги ҳамда нарх сиёсатининг қатъий тартибга солинганлиги билан ҳам ажралиб туради. Корея Транспорт институти томонидан 2023 йилда эълон қилинган ҳисоботга кўра, дунёнинг аҳоли сони кўп бўлган шаҳарларида жамоат транспорт тизими яхши йўлга қўйилган, бунда Хитойнинг Ҳонгконг шаҳри рейтингда 1-ўринни эгаллаган. Швейцариянинг Цюрих шаҳри эса 2-ўринда, Швеция пойтахти Стокголм эса 3-ўринда қайд этилган. Шахсий автомобилларга қараганда жамоат транспортлари ҳаво ифлосланиб кетишининг олдини олишда муҳим роль ўйнайди. Шунингдек, аҳолининг электромобиллардан кенг фойдаланиши ҳам ҳаво барқарорлигини сақлаб қолишда аҳамиятга эга. Ёнилғи билан ҳаракатланувчи автомобиль ва электромобилларнинг табиатга таъсирини биргина қуйидаги маълумотлар орқали солиштиришнинг ўзи кифоя:
Электромобиллар электр энергияси ҳисобига юриши натижасида ҳаракатланганда ҳавога карбонат ангидрид (СО2) газини чиқармайди. Анъанавий бензин/дизелли автомобиллар эса бир километр масофага ҳаракатланганда ҳавони ўртача 150-200 грамм миқдорда карбонат ангидрид гази билан заҳарлайди.
Электромобилларда ёнилғи ёниш жараёни йўқлиги ҳисобига NOx (азот оксидлари синфига кирувчи ифлослантирувчи модда) каби заҳарли заррачалар ишлаб чиқарилмайди. Бу кўрсаткич анъанавий автомобилларда 1 километрга ўртача 0,05-0,15 граммни ташкил этади, яъни улар ана шу миқдорда PM10 ва PM2,5 заррачаларини ҳавога чиқаради.
Электромобилларнинг оммавийлашиши тўхтайдими?
Ёқилғи нархларининг қимматлашаётгани фонида Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда электромобиллар хариди анчагина ошди. Масалан, 2021 йилда мамлакатга 809 дона электромобил импорт қилинган бўлса, бу кўрсаткич 2024 йилда 24 минг 95 донага етган. Бу эса яшил энергетикага ўтишда муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Аммо сўнгги пайтларда киритилган чекловлар фонида импорт қилиш секинлаша бошлади. Масалан, жорий йилнинг январь ойида мамлакатга 613 дона электромобил олиб кирилган, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,5 баробарга кам. Пискентдаги полигонда техник синовларнинг бошланиши ортидан юз берди.
Май ойидан бошлаб утилизация йиғимининг оширилиши электромобиллар импортини янада камайтириши мумкин. Аҳоли харид қувватига умуман тўғри келмайдиган тўлов тизими хориждан электромобиллар импортининг кескин камайтириши баробарида мамлакатдаги монопол автосаноатни ҳам қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Бошқа мамлакатларда ҳам утилизация йиғими борми?
Европа Иттифоқи давлатларида аниқ белгилаб қўйилган утилизация тўловлари мавжуд эмас. Хусусан, Италияда маҳаллий ишлаб чиқарилган ва импорт бўлаётган электромобиллардан утилизация йиғими ундирилмайди. Худди шундай, Германияда ҳам истеъмолчилардан утилизация учун тўлов олинмайди, фақатгина ишлаб чиқарувчи компаниялар ва импорт қилувчилар электромобил батареяларини хавфсизлантиришга жавобгар. Нидерландияда эса аҳолининг электромобиллар харидини қўллаб-қувватлаш учун 2024 йил 1 январдан бошлаб, ҳар бир электромобиллар учун утилизация йиғими миқдори 22,5 евродан 20 еврогача пасайтирилган. Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари Индонезия, Малайзия, Филиппин ва Таиландда ҳам истеъмолчилардан на утилизация тўловлари ундирилади, на бож тўлаш талаб қилинади. Яъни хориждан импорт қилинаётган электромобиллар учун ҳеч қандай тўловлар мавжуд эмас.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, айни пайтда кўплаб давлатлар яшил энергия тизимини ривожлантириш мақсадида аҳолининг анъанавий автомобиллар ўрнига электромобиллар харид қилишини қўллаб-қувватлаяпти. Ўзбекистонда эса турли хил тариф ва нотариф чекловлар юзага келтириш ортидан импортни чеклашга бўлган уринишлар амалга ошириляпти. Бу эса шундоқ ҳам ҳаво сифати йилдан йилга ёмонлашиб кетаётган шароитда вазиятни янада мураккаблаштириши мумкин.
Қодиржон Эшонқулов,
Жанубий Кореянинг Ажоу университети магистранти.
Тавсия этамиз
Муддат қўювчи Трамп: бунинг охири борми?
Жаҳон | 22:09 / 24.04.2025
Тошкентда автомобилни рўйхатдан ўтказиш учун онлайн ариза бериш мумкин бўлди
Ўзбекистон | 20:34 / 24.04.2025
Стоматология поликлиникалари хусусийлаштирилади
Ўзбекистон | 10:56 / 24.04.2025
Божхонадаги чекловлар: фуқаро божни тўлай олмаса, нима бўлади?
Ўзбекистон | 22:43 / 23.04.2025
Мавзуга оид

11:55 / 26.04.2025
Автомобил бозоридаги монополия: Ўзбекистон битта хатони иккинчи марта такрорлайдими?

20:34 / 24.04.2025
Тошкентда автомобилни рўйхатдан ўтказиш учун онлайн ариза бериш мумкин бўлди

17:24 / 22.04.2025
Иккиламчи автомобил бозори: Cobalt’дан тортиб BYD Song Plus’гача бўлган бир қатор автомобилларнинг нархи арзонлашди

21:35 / 19.04.2025